Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — сиёсатшунос Ҳамид Содиқ.

Мутолаа ҳақида

Авваллари китобларни оммавий тавсия қилмасликка ҳаракат қилар, китоб тавсияси шахсийроқ масала деб ҳисоблардим. Лекин шу кунларда фаолларнинг тавсиялари, улар ўқиётган ёки таржима қилаётган китоблар бошқаларнинг, хусусан, ёшларнинг мутолаага берилишига туртки беради, деган фикрдаман.

Китоб — бу информациялар тўплами. Унда назариялар — ҳаётни моделлаштирадиган тушунчалар, билимлар йиғилади. Ҳар қандай назария сизнинг ўрганиш предметингизни, ҳаётни маълум бир ракурсдан кўрсатиб беради, уни тушунишга имконият беради. Менинг ўрганиш предметим, бу — политология, унинг энг марказида эса ҳокимият туради: мен мана шу ҳокимиятни тушунишни истайман. Менинг ўрганиш предметим, қизиқадиган мавзум, бу — ҳокимият. Мутолаадан бош мақсадим шу. Чунки жамиятимиздаги ҳозирги ҳар қандай муаммонинг сабаби ҳокимиятни яхши тушунмаслигимиз ва унинг портретини тўлиқ кўролмаётганимизда, деб ўйлайман.

Шу боис сўнгги вақтларда мен асосан сиёсий адабиётларни, ҳокимиятнинг моҳиятини очиб берувчи китобларни мутолаа қиляпман ва уларнинг таржимаси билан шуғулланяпман. Ҳозиргача учта китобни таржима қилдим, яна бир китоб таржимасида муҳаррир сифатида қатнашдим. Таржима мен учун мутолаанинг бир тури. Ўқиганим эсимда қолиши нуқтаи назаридан ҳам таржима мен учун муҳим, бу худди конспект қилишга ўхшайди. Таржима жараёнида ҳар бир фикрнинг моҳиятига кириб борасиз, ҳар бир берилаётган назарияни дақиқ тушунишга ҳаракат қиласиз.

Китоб ўқиш жуда муҳим. Олимлар айтадики, фуқароларнинг олий маълумотлилиги, китобхонлик даражаси билан давлатнинг демократиклиги ўртасида тўғридан-тўғри корреляция бор. Яъни, адолатли жамият қуриш учун одамлар албатта китоб ўқиши керак. Мутафаккирлар яна айтадики, мутолаа ватандошларга маълум бир ижтимоий, сиёсий муносабатларга боғлиқ тушунчаларни бир хил тушуниш имкониятини беради. Яъни, биз кўп китоб ўқисак, масалан, демократия тушунчасини Хоразмдаги оддий инсон ҳам, Андижондаги оддий инсон ҳам — улар бир-бирини танимаса-да — бир хил тушуна бошлайди, ҳаракатларимиз бир хил бўлади.

Шундай экан, китоб, унинг мутолааси, таржимаси ва тарғиботи ҳуқуққа асосланган адолатли давлат қуриш йўлидаги узоқ муддатли, айни дамда энг сифатли ҳам ишончли йўналишлардан бири, деб ҳисоблайман.

Китоб тавсиялари

Сўнгги вақтларда бадиий китобларни камдан-кам ўқияпман. Сўнгги ўқиганим — Жэром Селинжернинг «Жавдарзордаги халоскор»и, лекин уни ҳам кўп ўқий олмадим, ярмида тўхтатдим. Охирги тўлиқ ўқиганим бадиий китоб — Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» романи. Аслида бу сиёсий асар — бир авлоднинг иккинчи бир авлодга эътирози. Умуман, талабалар, Жовлиев ёшидаги критик масса сиёсатнинг асосий кучи ҳисобланади, айнан улар сиёсий куч бўла олади. Шунинг учун ҳам университетлар эркин бўлиши керак, шунинг учун ҳам айнан мана шу қатлам кўпроқ китоб ўқиши зарур, дейилади.

Шунингдек, анча аввал олинган, лекин ўқилмай турган Франц Кафканинг «Эврилиши»ни ҳам тўлиқ ўқидим. Лекин шундан кейин бадиий китоблар мутолаасига ҳеч вақт бўлмаяпти, тўғрироғи, бадиий китобларга вақт ажратгим келмаяпти. Айни вақтда, шуни таъкидлаш жоизки, бизнинг миллий ўзига хослигимизни белгилаб берадиган, яъни ўзбек маданий муҳитига тушиш учун зарур бўлган китоблар бор: бу — «Ўтган кунлар», бу — «Юлдузли тунлар», бу — Чўлпоннинг асарлари, бу — миллий қаҳрамонларимиз ҳақидаги китоблар ва ҳоказо. Ўзи инсон 35−40 ёшгача мана шу китобларни табиий равишда ўқийди. Яъни, бу китоблар кўп тарғиб қилинади ва ўқилиши керак.

Мен, юқорида қайд этиб ўтганимдек, сўнгги вақтларда асосан сиёсий китоблар мутолааси ва таржимаси билан бандман.

Дарон Ажемўғли, Жеймс Робинсон. «Узкий коридор»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, ҳамид содиқ

Шу кунларда ўзбек жамоатчилигига таниш бўлган «Мамлакатлар таназулли сабаблари» асари муаллифлари Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг кейинги китоби — «Тор коридор»ни ҳам ўқияпман (билишимча, бу китоб ҳам ўзбек тилига ўгирилмоқда). Бу — эркинлик ҳақидаги китоб. Асар бошида: «Эркинлик — бу жараёндир», деган бир зўр фикр бор. Яъни, эркинлик бу — қўлга киритилгач, токчага қўйиб қўйиладиган нарса эмас, у билан ҳар куни ҳамма шуғулланиши керак. Муаллифлар асарда мана шу ғояни етказишга ҳаракат қилган.

Шу билан бирга, мазкур китоб менга Томас Гоббснинг «Левиафан» асари аҳамиятини тушунтириб берди. Гоббснинг китобида «ҳамманинг ҳаммага қарши уруши», «одам одамга бўри» деган тушунчалар келади, у кўпроқ авторитарликнинг моҳиятини очиб беришга интилади. Авторитарлик масаласини тушуниш биз учун энг муҳим масалалардан бири, чунки биз авторитар давлатда яшаймиз, шунинг учун ҳам бизда ҳокимиятнинг картинаси йўқ, шунинг учун ҳам сиёсий нуқтаи назардан дунёдаги энг кам, таъбир жоиз бўлса, Африка мамлакатларидан ҳам камроқ ўрганилган мамлакатмиз. Чунки Ўзбекистондан чиқадиган маълумот кам, социологик таҳлиллар йўқ.

Агар ҳокимиятни илмий таҳлиллар, социологик сўровлар билан ўрганмасак, унинг ҳаракатларини башорат қила олмаймиз. Сиёсий мавзудаги китобларни таржима қилиш, уларни тарғиб қилиш бу ҳокимиятнинг асосларига чироқ тутишдек гап, ана шунда биз унинг хатти-ҳаракатларини башорат қилиш имконига эга бўламиз.

Шарль Луи Монтескье. «Қонунлар руҳи»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, ҳамид содиқ

Монтескье ҳокимият бўлиниши принципини асослаб берган олимлардан бири. У бошқарув шаклига кўра давлатларни республика, монархия ва деспотик давлатларга ажратади. Монтескье айтадики, республиканинг қадрияти, унинг табиий, ўзгармас принципи бу — эрк. Яъни, республикада яшаяпсанми, сенинг асосий қадриятинг эркинлик эмас экан, унда бу республика эмас. Мана шу фикрларни ҳуқуқшуносларимизга, сиёсатшуносларимизга етказишимиз керак. Агар политологияда ўқиётган талабалар, ҳуқуқшунослар Монтескьени мутолаа қилса, эркинлик улар учун қадриятга айланади. Шу боис «Қонунлар руҳи» китоби алоҳида бир дарслик бўлиши керак.

Монтескье «Қонунлар руҳи»да деспотик давлатларга қизиқ бир таъриф беради: деспотик давлатлар Калифорниядаги бир ёввойи қабилага ўхшайди, дейди. Бу қабила аъзолари бирор мевали дарахтни кўриб қолса, мевани дарахтга чиқиб эмас, балки дарахтни илдизи билан қўпориб олиб, кейин териб ейди. Деспотик давлатлар ҳам ислоҳот қиламан ёки қандайдир бир мақсадга етаман деб давлатнинг тузилмасига зарар етказади. Монтескье қонундан ташқарида ҳаракат қилиш — деспотик давлатларнинг табиати, дейди. Қонунлари бор, лекин ўзи шу қонунлардан ташқари ҳаракат қилади. Дарҳақиқат шундай, биз «нега қонун доирасида ҳаракат қилинмайди?» деб бошимизни оғритамиз, ахир унинг табиати шундай экан — у қонун доирасида ҳаракат қилолмас экан. Монтескье шуларнинг барини тушунтиради.

Юло Вооглайд. «Ватандошлик дастури»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, ҳамид содиқ

Ўзбек тилига ўзим таржима қилганимга қарамай, бу китобни ҳар ўқиганимда худди биринчи марта мутолаа қилаётгандек бўламан, «нега шу жойлари ёдимда қолмаган?», деган саволлар туғилади. Муҳим, янги, қадрли фикрларга тўла китоб. «Ўзимиз бахтли бўлишимиз учун атрофдагиларни бахтли қилишимиз, бунинг учун зарур олдшарт (предпосилка)ларни яратишимиз керак», — дейди муаллиф. Масалан, китоб тавсияси, китоб таржимаси ҳам мана шундай олдшартлардан бири.

Вооглайд яна айтадики, «инсоннинг роллари қанчалик кўп бўлса, у шунчалик бахтли бўлади». Бунда роллар деганда ниқоб алмаштириш назарда тутилмаяпти, аксинча, мисол учун, бир эркакнинг ота роли бор, турмуш ўртоқ роли бор, мутахассислиги бўйича бир роли бор, ё бўлмаса менинг ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, блогерлик ролларим бор, хусусан, китоб тавсия қилиш ҳам — бир роль. Вооглайд «инсон қанчалик кўп сифатли ролларни бажарса, бугунги дунёда шунчалик бахтли яшайди», дейди.

Роллар масаласида яна бир қизиқ фикр бор — инсон ўзи бир ролни ижро этаркан, бошқаларга ҳам ўз ролларини бажариш имконини бериши керак. Бу биздаги энг катта муаммолардан: ота ўз фарзандига, эр рафиқасига, устоз ўз шогирдига, раҳбар ходимларига (ва ҳоказо) ўз ролини бажаришга қўймайди, «Жим бўл, сен ҳали менга қарши чиқасанми!», дейди. Буни сиёсий жабҳага ҳам кўчириш мумкин, дейлик, маълум бир давлатнинг президенти парламентга, ижро этувчи ҳокимиятга ўз ролини бажаришга имкон бермайди. Аслида имкон бериш керак, шунда инсон (аввало имкон берувчининг ўзи) бахтнинг таъмини ҳис этади.

Китобнинг охирги 12-бобида демагогларнинг 100 та белгиси келтирилган. Мен мана шу белгилар орқали жамиятимиздаги кўплаб медиаперсоналарга баҳо берганман. Қизиғи, ўзимда ҳам ўша белгиларни топиб, улардан қутилиш кераклигини тушуниб етганман. Демагогия яхши нарса эмас, демагог — ёлғонни рост қилиб кўрсатадиган одам. Сотиб олиш.

Сергей Гуриев, Дэниел Трейсман. «Манипулятив диктаторлар: XXI асрда тираниянинг ўзгарувчан қиёфаси»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, ҳамид содиқ

Бу китобнинг ўзбек тилига ўгирилишининг ўзига хос тарихи бор.

Биз уни имкон қадар тезроқ таржима қилиш керак, деган фикрга келгандик. Аммо муаллифларидан жавоб ололмадик, таржима ва нашр учун рухсат олиш ниятида улар билан мулоқотда бўладиган кишиларни ўртага солсак-да, муаллифлардан жавоб олиб бўлмади. Ноширимизга «судга берса ҳам бу китобни бошлаймиз, бошлашимиз керак», дедим. Моддий манфаатимиз йўқ эди, асар минтақамиз сиёсий қиёфаси, ундаги жараёнлар ҳақида бўлгани учунгина уни тезроқ ўзбек китобхонига етказишни истагандик. Китоб инглиз тилида ёзилган, унинг ўзбекча таржимаси русчасидан аввал тайёрлаб бўлинганди. Ҳа, китоб таржимаси август ойида муаллифлар рухсатисиз чиқди, аммо ҳозир уни нашр этган университетдан китобни ўзбек тилида беш йил давомида чоп этиш ҳуқуқини берувчи лицензия олинган.

Китоб моҳиятига келадиган бўлсак, унда классик ва замонавий диктаторлар илмий қиёсланган. Классик диктаторлар — мисол учун, Сталин, Мао Цзэдун — қўрқув диктаторлари эди, замонавийлари эса манипулятив, алдов диктаторларидир. Масалан, Сингапур собиқ бош вазири, бизда жуда осмонга кўтариладиган Ли Куан Ю — аслида диктатор, манипулятив диктаторларнинг отаси. Манипулятив бошқарувни ҳам айнан Ли Куан Ю бошлаб берган. Асарда, шунингдек, Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг сиёсати кўп муҳокама қилинган, Россия президенти Владимир Путин ҳам китобнинг асосий субъектларидан бири. Агар мана шу китоб ўқиладиган бўлса, жамиятимизда Путинга ёки путинизмга бўлган муносабат ўзгарган бўларди, деб ҳисоблайман. Сотиб олиш.

Балинт Мадьяр, Балинт Мадлович. «Посткоммунистические режимы»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, ҳамид содиқ

«Посткоммунистик тузумлар» — жуда чуқур таҳлил қилинган фундаментал асар, тавсия қилмоқчи бўлган китобларим орасида энг муҳимларидан бири. Икки томдан иборат ушбу китобнинг биринчи қисмида уни қандай ўқиш кераклиги ҳақида катта бўлим бор, яъни бу китобни тўғри тушуниш учун унда келтирилган қоидаларга риоя қилиш керак бўлади. Тан олиш керак, бу китоб кенг китобхонлар оммаси учун эмас, балки маълум бир даражада сиёсий ва ҳуқуқий билимларга эга бўлган мутахассисларга мўлжалланган. Шу боис ўзимда шундай режа ҳам бор ҳатто — китобдан маърузалар тайёрлаб, ёшларга етказиш керак. Китобда посткоммунистик авторитар давлатлардаги раҳбарлар, олигархлар, ҳарбийлар, диний элита қандай, динга муносабат қандай — ҳар бири энг майда деталларигача кўрсатилиб, таҳлил қилиб берилган.

Вацлав Гавел. «Кучсизлар кучи»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, ҳамид содиқ

Таржима қилган биринчи китобим. Чехия биринчи президенти Вацлав Гавелнинг бу асари пост-тоталитар давлатлар, кучсиз бўла туриб давлат деб аталмиш кучли сиёсий институт олдида қандай қилиб қадни тик тутиш, қандай қилиб унга сингиб кетмаслик ҳақида. Маълумки, бундай давлатлар мафкура орқали ёлғон таклиф қилади ва бу ёлғон шу даражада қўллаб-қувватланадики, киши охир-оқибат уни ҳақиқий ҳаёт сифатида қабул қила бошлайди.

Вацлав Гавелнинг фалсафаси шундан иборатки, инсон ҳамиша ҳақ ҳаёт билан яшаши керак, қачон қаерда бўлса ҳам ҳаққа ёпишиш керак. Ана шунда кучсизлар параллел институцияларни, параллел ҳаётни вужудга келтира олади. Яъни, кучсизларнинг кучи ҳамиша ҳақ ҳаётда яшашдан иборат, дейди муаллиф. Сотиб олиш.