Ўзбекистоннинг вилоят марказларидаги йирик бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонларида шахсни юзидан таниб оладиган видеокамералар ўрнатилади. Бу ҳақда Миллий гвардияси қўмондони Рустам Жўраев мамлакат аҳолисига қилган мурожаатида қайд этган.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда айрим бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонлар техник ва хавфсизлик воситалари билан етарли даражада жиҳозланмагани ҳамда жамоат назорати масканлари мавжуд эмаслиги оқибатида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда ҳамда фавқулодда ҳолатлар юзага келмоқда.

Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети томонидан илмий ёндашган ҳолда яратилган «Қўқон тажрибаси» барча ҳудудлардаги бозорларда жорий этилади. Вилоятлар марказларидаги йирик бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонларнинг маъмурияти билан биргаликда объектларнинг асосий кириш жойларига шахсни юзидан таниб оладиган видеокамераларни ўрнатиш чоралари кўрилади.

Жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида, қўшимча видеокузатув камералари ўрнатилади ва Ягона мониторинг марказига интеграция қилинади.

Рустам Жўраевнинг маълум қилишича, бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонлардаги савдо объектлари индивидуал қўриқлаш бўйича сигнализация воситалари ҳамда улар жойлашган ҳудудлар «Ташвиш» тугмалари билан босқичма-босқич жиҳозланади. Ушбу объектларга қарашли майдонлар ва уларнинг ён-атрофида тушунтириш, тарғибот ишлари ҳамда фуқароларни огоҳликка чақиришга қаратилган чора-тадбирлар кучайтирилади.

Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича янги тизим ва амалиёт жорий этилиб, мулкий ва жамоат тартибига қарши қаратилган жиноятлар содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган объектларда доимий кузатув йўлга қўйилади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан бинолар ёки уларга кириш йўлакларига ўрнатилган видеокузатув мосламаларини ўзида бирлаштирадиган «Е-Hamkor» дастури татбиқ этилиб, ушбу дастур ички ишлар органларининг ҳудудий ситуацион марказларига интеграция қилинади.