21 сентябрь куни Visa компанияси Тошкентда ўз офисини очди, дея маълум қилди компаниянинг Марказий ва Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африкадаги (CEMEA) президенти Эндрю Торре Visa Central Asia Payment Forum доирасида. Бу ҳақда «Газета.uz»га компания матбуот хизмати хабар берди.

Эндрю Торре рақамли тўловларнинг Ўзбекистон ҳукумати ва Марказий банк томонидан амалга оширилаётган нақд пулсиз иқтисодиётни ривожлантириш миллий стратегияси доирасида эришилган сезиларли тараққиёти ва ривожланиши эканини қайд этди.

«Visa Марказий Осиёда 30 йилдан ортиқ фаолият юритиб келмоқда ва Ўзбекистондаги офисимиз очилаётганлиги ҳақида биринчи бор эълон қилишдан мамнунмиз. Биз қулай, тезкор ва хавфсиз рақамли тўловларга сезиларли ва барқарор ўтиб борилаётганлигининг гувоҳи бўлдик», — деди у.

Компания вакилининг айтишича, Марказий Осиёдаги пуллар келажаги рақамли технологиялар билан чамбарчас боғлиқ. У минтақада иқтисодий ўсиш ва ривожланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат ҳамда хусусий секторлар билан ҳамкорлик давом этишини кутмоқда.

Visa`нинг Украина, Грузия, МДҲ мамлакатлари ва Жануби-Шарқий Европадаги катта вице-президенти ва минтақавий менежери Вера Платонованинг сўзларига кўра, компания рақамли тўловларни ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қарашлари ва мақсадлари борасида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамфикрдир.

«Кейинги учта ўн йиллик тўғрисида фикр юритар эканмиз, биз Visa`да келажакка ишонч билан қараймиз ва Ўзбекистонда нақд пулсиз иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсиз ва узлуксиз рақамли транзакцияларни амалга ошириш бўйича ишимизни давом эттиришдан мамнун бўламиз. Тошкентда Visa офисининг очилиши, мамлакатдаги барча молия институтлари ва савдо ҳамда хизмат кўрсатиш корхоналарига кўрсатилаётган ёрдамни кучайтиради, шунингдек, саноатнинг янада тараққий қилишига ва умуман иқтисодий ўсишга ижобий ҳисса қўшади», — дея таъкидлади Вера Платонова.

Маълумот учун, Visa рақамли тўловлар бўйича жаҳон етакчиси бўлиб, 200 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларда истеъмолчилар, савдогарлар, молия институтлари ва давлат тузилмалари ўртасида тўлов транзакцияларини амалга оширади.