Бухоро шаҳри «Абу Али ибн Сино» МФЙ ҳоким ёрдамчиси А.С. маҳаллада яшамайдиган шахслар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти прокуратураси хабар қилди.

Аниқланишича, А.С. «Абу Али ибн Сино» МФЙ ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб, Ўзбекистон президентининг «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги ПҚ-3777 сонли қарори билан берилган фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратишдаги махсус ваколатдан мансаб мавқейини суиистеъмол қилиб, кредит маблағларини ўзлаштирган.

Хусусан, у «Абу Али ибн Сино» МФЙ ҳудудида яшамайдиган ва фаолият кўрсатмайдиган М.Ҳ., Ж.А., Н.Ғ., М.А. ва А.М. номига мототранспорт воситаси ҳамда ичимлик сувини қайта ишлаш аппаратини сотиб олиш учун 33 млн сўмдан, жами 163 млн сўмлик имтиёзли кредит ажратиб, уларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Ҳоким ёрдамчиси 14 сентябрда Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «г» банди (Компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) билан ишда айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.