19 сентябрь, сешанба куни Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан нам ва салқин об-ҳаво массалари кириб келади. Бу ҳақда Ўзгидромет хизмати агентлиги хабар қилди.

Душанба куни республика ҳудудининг катта қисмида кам булутли ва қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат Қорақалпоғистонда баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Куннинг ўртасига келиб, ҳаво +28…+30 даражагача исийди.

Сешанбада республика бўйича ҳаво булутли бўлади, баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, фақат жанубда ва Фарғона водийсида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди, кундузи +26…+28 даражани ташкил этади.

20 сентябрь — чоршанба куни марказий ва шарқий вилоятлар бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир кучли бўлади, айрим жойларда момақалдироқ кузатилади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича яна қуруқ ҳаво кузатилади, фақат тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир ёғади.

20−22 сентябрь кунлари ҳаво ҳароратининг пасайиши давом этади ва кундуз кунлари +23…+25 даражадан юқори бўлмайди. Кечалари ва эрталабки соатларда ҳаво анча салқинлашади, ҳарорат +11…+16 даража атрофида бўлади.

Пойтахтда 18−19 сентябрь кунлари ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат 19 сентябрда куннинг иккинчи ярмида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат +26…+29 даража бўлади.

20 сентябрда кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. 21−22 сентябрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси +13…+15 даражагача, кундузи +23…+25 даражагача пасаяди.

Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3−8 м/с тезликда эсади, 19 сентябрда 12−15 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.