22 сентябрь куни Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган V Европа ҳаракатланиш ҳафталиги доирасида «Автомобилсиз кун» бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда Afisha.uz.

Бу йилги ҳафталикнинг «Энергияни тежаш» мавзуси барқарор шаҳар ҳаракатини рағбатлантиришда энергия самарадорлигининг роли муҳимлигига қаратилган. Европа Иттифоқининг ушбу ташаббуси 39 мамлакатнинг 2000 дан ортиқ шаҳарларини қамраб олган.

«Энергияни тежаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш, энергия хавфсизлигини таъминлаш ва жамоа фаровонлигини ошириш учун муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон транспорт инфратузилмасида энергия самарадорлиги муҳим роль ўйнашини тан олиш барқарор шаҳар ҳаракатланишига йўл очади. Биз биргаликда яшил ва адолатли келажак сари интиляпмиз», — деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Шарлотта Адриан.

Мазкур кунда аҳолига экологик тоза транспорт воситаларида ҳаракатланиш, жумладан пиёда юриш, велосипед ва метродан фойдаланиш тавсия этилади.

Маълумот учун, ҳукуматнинг 2020 йилдаги қарори билан раҳбарларга ишга келиб-кетишда автомобиллардан фойдаланмаслик тавсия этилган. Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб 22 сентябрь куни «Автомобилсиз кун» сифатида эълон қилинган.