17 сентябрь куни ёзувчи, адабиётшунос олим, академик ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Наим Каримовнинг вафот этиши жамоатчиликни чуқур қайғуга солди. Фаоллар ижтимоий тармоқларда олимнинг ҳаёти, ижод йўли ва фаолияти билан боғлиқ илиқ хотиралар билан бўлишди.

Хусусан, блогер Шаҳноза Соатова домла билан 2022 йил ноябрида кўришгани ҳақида ёзаркан, Наим Каримовнинг хотира, фикрлаш, нутқ — ҳамаси камида 30 яшар йигитларникидек равон ва ўткир бўлганини эслади:

«Домла Ўзбекистон адабиёт музейининг тадқиқотлар қанотидаги ўз иш кабинетларида эдилар. Бизга интервью бериш учун бинонинг музей қанотига ўтиш лозим эди. Мен керак эмас, хонангизда олаверамиз десам кўнмадилар. Кўча қор, сирпанчиқ бўлгани учун қўрқдим, бирга борган йигитларга домланинг тирсакларидан олинглар деб ишора қилдим. Наим ака бунга ҳам рухсат бермадилар, ўзлари шаҳдам юриб нариги бинога ўтиб, дурдона маълумотларга тўла интервью бердилар. Музей хонаси совуқ эди, мен пальтомни ечмадим, домла эса ёшларга кўрсатиладиган интервью экан, пальтони киймайман дедилар…Бу хотираларни бир куни ёзишимни билардиму, аммо ўша кун бу қадар тез келади деб ўйламагандим…Ўзбекистон қаҳрамони унвони берилади деб ўйлагандим… Лекин домланинг унвонлари кўп эди».

2023 йилда вафот этганлар, наим каримов, хотира
Фото: @shahnozxon / Telegram

Блогернинг ёзишича, устоз Наим Каримовдек илмга фидойи инсонлар кам. У киши шунчаки илм қилмади, илм мактабини қуриб, қадриятларини тизиб, ўз мафкураси ва даврини яратган буюк шахс эди. Унинг илмдаги қаҳрамонлиги рад этилмас ҳақиқатдир.

«Атоқли олим Наим Каримов архив материаллари, қатағон, сотқинлик ҳақида интервью берганда доим йиғлаб юборарди. Ўзи билан ошкор қилинмаган яна кўп сирларни олиб кетди», — деди журналист Азиза Қурбонова.

2023 йилда вафот этганлар, наим каримов, хотира

Муҳаррир Улуғбек Самиқов Наим Каримовдек фидойи олим ва камтар инсон бўлишни ният қилганини ёзиб, университет билан боғлиқ хотираларини бўлишди:

«Институтни тамомлаш арафасида битирув иши ҳимоясига айнан устоз Наим Каримов раислик қилишларини эшитганимизда курсдошим Қамариддин Бекмуҳаммад билан жуда хурсанд бўлгандик. Бу кишидек олим раис бўлганлари учун янада яхшироқ тайёргарлик кўришимиз зарурлигини ҳис этганмиз. Қамариддин, қолаверса, қолган курсдошларимиз билан битирув ишимиздаги баъзи камчиликларни, техник хатоларни тузатиб, бироз кечикдик. Яъни, раисга битирув малакавий ишларни ўқиб чиқишлари учун барвақт олиб бориб беролмадик. Ҳимоядан бир кун аввал, кечки пайт минг истиҳола билан домланинг уйларига бордик. Шунда домладан узр сўраб, вазиятни тушунтирдик. Жуда хавотирда турганим эсимда, сабаби гуруҳ сардори сифатида барча масъулият зиммамда эди. Бироқ устоз бизни тўғри тушуниб, ҳеч қандай эътироз билдирмадилар. Уларга миннатдорлик билдириб, ортга қайтгандик. Бошқа одам бўлганда, балки таъна тошларини ёғдириб, писанда қилган бўлармиди, ва бунга ҳақли эди ҳам. Лекин домла ундай қилмадилар. Шунда у кишига нисбатан ҳурматим янада ошган».

2023 йилда вафот этганлар, наим каримов, хотира
Фото: Ulug’bek Samiqov / Facebook

Шунингдек, у домла бир кечанинг ўзида барча ишларни кўриб чиқишга улгургани ва ҳатто, устоздан жуда илиқ фикрлар эшитганини қайд этди.

2023 йилда вафот этганлар, наим каримов, хотира

Журналист Комилжон Асланов олимга гарчи расмий «қаҳрамон» унвони берилмаган бўлсада, адабиёт учун, миллат учун чинакам қаҳрамон бўлганини таъкидлади:

«Наим Каримовдан „Усмон Носир“ китобининг ёзилишига нима сабаб бўлгани, бу китобни ёзиш учун қандай қийинчиликларга, ёлғонларга дуч келгани ва умуман китобнинг яратилиш тарихи ҳақида қисқа, аммо мазмунли интервью олгандим. Қачондир монтаж қилиб, YouTube`га қўяман дегандим. Афсус, вақт, қунт бўлмай ҳалигача бу ишни қилолмадим. Аллоҳ насиб этса улашаман, бу интервьюни».

«Адабиётимиз титани Наим Каримов оламдан ўтибдилар. Буюк олим ва чин инсон. У ўзи билган, аммо айтолмаган ҳақиқатларни ёзиб кетганига ишонаман. Бир кун чоп этилишига умид қиламан», ғ — дея пост қолдирди режиссёр Сарвар Каримов.

2023 йилда вафот этганлар, наим каримов, хотира

Блогер Нурбек Алимов академикни ҳамкасблари, талабалари ва ўқувчилари жуда ҳурмат қилишгани ва севишгани ёзиб қолдирди:

«Бугун биз Ўзбекистоннинг энг обрўли ва ҳурматли олим ва ёзувчиларидан бири — академик Наим Фотиҳович Каримовдан айрилдик. Унинг ҳаёти ва ижоди ўзбек адабиётини, хусусан, ХХ аср бошларида халқнинг маърифати ва янгиланиши учун курашган Жадид адиблари ижодини ўрганиш ва ривожлантиришга бағишланган эди…Менинг бувим, халқ таълими аълочиси Ҳанифа Алимовалар ҳам ушбу буюк олим билан бирга ўқишган экан…Уни ҳамкасблари, талабалари ва ўқувчилари жуда ҳурмат қилишган ва севишган…Академик Наим Каримовнинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Унинг номи ва мероси Ўзбекистон халқи хотирасида абадий сақланиб қолади».

2023 йилда вафот этганлар, наим каримов, хотира

Шоира Меҳриноз Аббосова Наим Каримов билан «Аслида» лойиҳасида суҳбат қилмоқчи бўлганини, фақат ҳадди сиғмай юргани, пухта тайёрланиб, саволларни тахт қилгач, олдиларига бораман деганию, бироқ улгурмагани ҳақида ёзди.

«Бир кун келиб, вафот этиши ақлингга сиғмайдиган одамларинг бўлади. Устоз ҳам шундай эди мен учун. Кўришаман деб юрган инсонларинг билан дийдорни ортга сурмаслик керак экан. Умрини муносиб яшаган илм одамини Аллоҳ раҳмат қилсин. Чин дунёда ҳақиқий олимларга бериладиган мартабалар насиб қилсин».

Эслатиб ўтамиз, Наим Каримов 1932 йил 12 декабрда Тошкентда туғилган. Ўрта Осиё давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. 1993 йилда унга филология фанлари доктори илмий даражаси, 1994 йилда эса профессор илмий унвони берилган.

Унинг илмий изланишлари, асосан, XX аср ўзбек адабиётини ўрганиш, жадид адиблари — Чўлпон, Фитрат, Ҳамза ижоди билан боғлиқ. 1999 йилда Наим Каримов қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоат комиссиясига раҳбарлик қилган. Олим Ўзбекистон миллий энциклопедияси бош таҳририяти аъзоси ҳамдир.

Илмий фаолияти учун Наим Каримов 1996 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвони, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.