Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Мутолаа ҳақида

Мутолаа — бу интеллект, илм тўплаш. Ҳар бир давлатда, ҳар бир жамиятда ҳокимиятга эришиш ва уни ушлаб туришда асосий ҳисобланган воситалар мавжуд. Эркин жамиятларда бу восита — интеллект, авторитар давлатларда эса интеллект эмас, балки куч ишлатиш қобилиятидир. Демократия марказида айнан куч ишлатмасдан интеллект орқали ҳокимиятни ушлаб туриш қобилияти туради.

Сўнгги беш асрда мисли кўрилмаган миллий бойлик яратаётган давлатларнинг асосий қисми — булар эркин, ўзаро сиёсий ва ижтимоий муносабатларда куч ишлатиш имконияти мавжуд бўлмаган давлатлардир. Иккита Корея бунга яхши мисол бўла олади. Бири — классик тоталитар давлат, иккинчиси — анчагина демократик мамлакат.

Жанубий Кореяда сайловлар эркин ва мунтазам ўтказилади, сўз эркинлиги ҳам жуда кучли, коррупция билан қўлга тушган раҳбар қамалади, масалан, ўтмишдаги президентларнинг деярли бари қамалган. Шундай қилиб, жамият эркин бўлса, ўзаро муносабатларда нима биринчи ўринга чиқади? Интеллект. Чунки жамият эркин, у ерда куч ишлатиш орқали ҳокимиятни ушлаб туриш мумкин эмас. Шу сабабли ҳам дунёдаги энг қудратли, рейтинги баланд университетлар эркин мамлакатларда.

Таққослаш учун, Шимолий Кореянинг рейтинги бўйича биринчи юзталик, ҳатто биринчи мингталикка кирувчи бирорта университети йўқ. Кубада ҳам шундай. Саудия Арабистонида ҳам. Тўғри, араб мамлакатларида номи улуғ, донгдор университетлар йўқ эмас, у ерларда ҳам йўллар текис, қурилаётган бинолар жуда чиройли, аммо бир «лекини» бор: улар модернизмни ўз интеллекти орқали эмас, оёғи остидаги Худо берган нефть ва газ ҳисобига сотиб оляпти.

Таъкидлаш жоиз, бир вақтлар Ислом цивилизацияси илмга, мутолаага жуда катта эътибор берган. Бағдодда дейсизми, Дамашқда бўладими, юнонлардан қолган ёки ундан ҳам аввалги асарлар араб тилига таржима қилинган, катта тарижма ва нашриёт уйлари бўлган. Хусусан, бугунги демократия ғояси ҳам араб тили ва араблар қурган кутубхоналар орқали Ғарбий Европага кириб борган — бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Ғарб ва Ислом цивилизацияси муносабатларини жуда яхши таҳлил қилган Бернард Луис ўзининг «Ислом ва ғарб» китобида ёзадики, «мусулмон дунёси осмонда юлдуз санаётган вақтда Ғарбдаги энг катта кутубхонада 150 дан ортиқ китоб бўлмасди». Араблар Португалия, Испания ва Франциянинг Бордогача бўлган ҳудудларини босиб олиб, Қурдоба амирлигини ташкил қилган. Орадан маълум вақт ўтиб, испан ва португаллар ўз ҳудудларини қайтариб олгач, масжид ва мадрасалар қошидаги кутубхоналардаги китобларни кўриб, Бернард Луиснинг ёзишича, оғзи очилиб қолган — кутубхоналарда 100 мингдан ортиқ китоб бўлган, бири иккинчисини такрорламаган.

Бугунги кунга келиб нима учун биз интеллект борасида Ғарб билан беллаша олмаймиз, деган савол мавжуд. Назаримда, мусулмон дунёсидаги энг катта муаммолардан бири — сиёсий эркинликнинг мавжуд эмаслиги. Сиёсий эркинлик — бу ҳокимиятдан мустақил бўла олиш, ҳокимиятни халққа, жамиятга бўйсундира олиш қобилиятидир. Агар ҳокимият халққа бўйсунадиган бўлса, у муттасил алмашиб туради. Халқ ҳокимиятдан қўрқмайди ва давлатдаги, жамиятдаги муаммоларни таҳлил қилиш, англаш ва айтайлик, уларга ечим излаш ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Европада 15 йил яшаганим учун, менда таққослаш имкони бор — Ўзбекистонда болалар китоб ўқимайди, умуман ўқимайди. Яқинларим, қариндошларим болаларини мажбурлайди, китоб ўқисанг, пул бераман дейди, рағбатлантирмоқчи бўлади, лекин барибир ўқимайди. Чунки болалар жамиятдаги ўйин қоидасини ўзи билмаган ҳолда англайди.

Мисол учун, Германия ё Америкадаги болаларни кўринг-да — учинчи ё бешинчи синф боласи бир йилда 30−50 бетлик китоблардан ўртача 20−30 та ўқийди, кўп китоб ўқийди. Ғарбнинг катта бўладими, кичик бўладими, фарқи йўқ, шаҳарларининг энг кўркам, энг марказий жойларида кутубхоналар қурилади. Кутубхона Ғарб цивилизациясининг энг марказий монументи. Чунки интеллектни қадрлаш, улуғлаш сиёсий Олимпнинг марказида туради. Ва бу кутубхоналар доим гавжум.

Бизда ҳам кутубхоналар мавжуд — ўзим Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонага аъзо бўлганман. Хурсанд қиладигани, кутубхона гавжум, ёшлар келяпти. Хафа қиладигани — кутубхонада жой етишмаяпти, кутубхонада ўтириб, китоб ўқиш учун жой топиш мутлақ муаммо. Бундай кутубхоналардаги бўш ўринлар сони ташрифчилар сонидан 20 фоиз кўпроқ бўлиши керак. Шундан камайдими, яна жой қўшиш керак. Аммо Миллий кутубхонада 5 фоиздан ошмайди.

Мен жуда секин мутолаа қиламан. Масалан, бир ё икки хатбошини ўқиб, бироз тин оламан — ўқиганимни ўйлаб кўришим керак. Ҳеч нарса тушунмаган бўлсам, ўша хатбошиларни тағин қайта ўқийман. Фикр бошқа нарсага чалғимай китоб ўқиш учун қунт керак. Бирор китобни энг тез ўқиганим икки ҳафта, камида бир ҳафта бўлади.

Айни вақтда, кутубхонамда ўқиб тугатилмаган китобларим кўп — китобларимнинг орасига қоғоз, хатчўп қўйиб ўқийман, қаерига келганимни билиб туриш учун. Бу китобларни ҳар доим, ҳар куни ҳам ўқимайсиз, лекин улар бўлмаса, инсон нимасинидир йўқотиб қўйгандек бўлади-да. Керак бўлганида уларни варақлаб, керакли фикрлар, хулосаларни қайтадан эслайсиз ё тасдиқлаб оласиз. Китоблар сизга мана шундай яхши ҳамроҳга айланиб қолади.

Китобни керакли жойларига қалам билан чизиб, ёзиб ўқиш одатим ҳам бор. Аслида конспект олиш керак — шунда китобдаги фикр хотирада янада яхшироқ қолади. Агар уни бошқа тилдан ўзбек тилига ўгирсангиз, янада кучлироқ эслаб қоласиз.

Менинг бир нуқсоним бор — фақат илмий китоблар ўқийман. Бадиий китобларни ёмон кўрмайман, бадиий асарлар инсон маънавий дунёси, сўз бойлигини оширишини ҳам яхши биламан, аввал ўқиганман ҳам. Биринчидан, вақтимни қизғанаман — кутубхонамда ҳали ўқилмаган жуда қимматли илмий асарлар бор, вақтим бўлса, уни ўша китоблар мутолаасига бағишлайман. Иккинчидан, бадиий асарларни ўзингиз талқин қилишингиз керак, илмий китоб эса сутнинг устидаги йиғилган қаймоғи, унда эҳтирос йўқ, аксинча, фақат кристаллашган интеллект.

Шундай қилиб, китоблар катта жараёнларни, катта ўзгаришларни энг майда қирралари, жиҳатлари билан тушунтириб беради. Китобнинг ўрнини боса оладиган нарса йўқ. Айтишади-ку, Ҳарри Поттер ҳақидаги фильмлар ҳеч китобидек бўлмайди, деб. Чунки инсон мияси жуда ҳам фантазия қила олиш қобилиятига эга. Кинони маълум бир чегарада кўрасиз, лекин инсон миясида чегара йўқ. Шунинг учун китоб ўқишга ўрганган миялар мутолаадан ҳузурланади. Мислсиз ҳузурланади.

Китоб тавсиялари

Ўзим учун қадрли бўлган муаллифлар, доимий кузатиб борадиганим сиёсатшунослар бор. Масалан, Фарид Закария, китоблари оғирроқ, берган интервьюлари эса жуда кучли бўлган Генри Киссинжер, мақолалари ҳам, интервьюлари ҳам, китоблари ҳам ниҳоятда кучли бўлган, ўзи яҳудий бўлса-да Исроилни энг кўп танқид қиладиган олим, бемисл интеллектуал Ноам Чомский, стратегик ва совуққон фикрлаш борасида «Буюк шахмат доскаси»ни ёзган Збигнев Бжезинский, сиёсий иқтисодиёт борасида жуда ҳам кучли мутафаккир Фрэнсис Фукуяма.

Валерия Ледяев. «Власть: концептуальный анализ»

камолиддин раббимов, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Ёшлар мендан китоб сўраса, ҳар доим биринчи галда мана шу китобни маслаҳат бераман. Бунда ҳокимиятнинг нима эканлиги, ҳокимиятни амалга ошириш усуллари, қайси тилларда ҳокимият нима деб номланади ва унинг асосий моҳияти, этимологияси нима — шу каби саволларга жавоб берилган. Яъни, «Ҳокимият: Концептуал таҳлил» китобида ҳокимият тўғрисидаги тафаккур, ғоялар йиғилган. Ледяевнинг ушбу асарида бирор бир хатбоши, бирор бир жумла ортиқча эмас, деган бўлардим.

Фарид Закария. «Будущее свободы: нелиберальная демократия в США и за их пределами»

камолиддин раббимов, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Фарид Закария шу вақтгача тўртта китоб ёзган бўлса, уларнинг иккитаси менинг кутубхонамда бор. Хусусан, «Эркинликнинг келажаги: АҚШда ва ундан ташқарида нолиберал демократия» китобида у эркинлик социологияси ва бугунги кунда Ғарбдаги эркинлик билан боғлиқ сиёсий инқирозларни яхши очиб берган.

Фарид Закария. «Постамериканский мир будущего»

камолиддин раббимов, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Закариянинг кутубхонамдаги иккинчи китоби — «Америкадан кейинги дунё». Унда ўтмишда энг қудратли давлатлар қайси эди-ю, нима учун XX асрнинг иккинчи ярмида АҚШ дунёдаги мислсиз қудрат эгасига айланди, нега энди Американинг қудрати пасайиб боряпти (аниқроғи, унинг қудрати пасаймаяпти, балки бошқаларнинг, биринчи галда, Хитойнинг қудрати тезроқ ўсяпти) — шу каби саволларга яхшигина жавоб берган.

Жозеф Най. «Будущее власти»

камолиддин раббимов, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Яқинда Жозеф Найнинг «Юмшоқ куч» асари ўзбек тилида чоп этилди. «Ҳокимиятнинг келажаги» асарини ўша «Юмшоқ куч»нинг тўлдирилган талқини дейиш мумкин, иккала китоб 70−80 фоизга бир хил.

Китобда санкцияларнинг 20 га яқин тури, уларнинг чегаралари бирма-бир кўрсатилган. Яъни, санкцияларнинг ўлжаси, нишони ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, бутун бир давлат ва миллатни сўндириш ёки якка шахсни сўндириш; сиёсий элитани сўндириш ёки жамиятга тегинмай давлат билан курашиш ва ҳоказо. Шунингдек, XXI асрда, глобаллашув замонида давлат нима қилса ташқи дунё уни ёқтиради, унга ишонади, уни ҳурмат қилади, у билан ҳамкорлик қилишга мойил бўлади — шу каби саволларга жавоб беради.

Майкл Новак. «Дух демократического капитализма»

камолиддин раббимов, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Ҳозир жуда машҳур ҳисобланган сиёсий иқтисодиёт назарияларини Майкл Новак ҳозирги жамоатчилигимизга нисбатан таниш бўлган Ажемўғли ва Робинсонларнинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари«дан анча аввал, 1980 йилларда «Демократик капитализм руҳияти» китобида айтиб ўтган эди. Яъни, давлатнинг эркин ва ҳуқуқий бўлиши асосида мислсиз бойлик ярата олиш ўртасидаги боғлиқлик очиб берилган.

Йоран Терборн. «Мир: Руководсто для начинающих»

камолиддин раббимов, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Мана бу ерда швециялик олиб Юлен Терборн «Мир: руководство для начинаюших» энди бу асарнишундай бошлайдики,

Фараз қилинг, Ерга бир ўзга сайёралик келяпти ҳамда сиз унга Ер ва ерликлар ҳаёт тарзини, қандай цивилизациялар, қандай маданиятлар, қандай динлар, давлатлар, зиддиятлар бор — барини тушунтириб беришингиз керак. Терборн, оддий қилиб айтганда, шундай қўлланма тайёрлаган, социолог сифатида бутун инсониятни яхшилаб тушунтириб берган. Жуда кучли китоб.


Қанча кўп китоб ўқисангиз, сизда ҳар бир масалага қараш нуқтаси ҳам шунчалик кўпаяди. Чунки ҳар бир сизга китоб орқали турли ракурсларни кўрсатади: масалага мана бу тарафдан ҳам қараб кўргин, мана бундай жиҳат ҳам бор ва ҳоказо.

Ўқилган китобларнинг бутун тафсилотлари инсон хотирасида тўлиқ қолмайди, лекин фундаментал ғоя, фундаментал қараш нуқтаси ҳеч қачон инсон онгидан чиқиб кетмайди. Ҳеч қачон.