Сурхондарё вилоятида гиёхванд моддалари савдоси билан шуғулланган шахслар аниқланди, дея хабар берди Давлат хавфсизлиги хизмати.

Хусусан, Термиз туманида ҳаракатланаётган Matiz тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, 1979 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, Термиз шаҳрида вақтинча истиқомат қилувчи, муқаддам судланган фуқаронинг ёнида 4 кг 827 гр «опий» моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси муқаддам афғонистонлик наркокурерлар томонидан контрабанда йўли билан келтириб берилганлиги маълум бўлган.

Бошқа ҳолатда эса Сариосиё туманида яшовчи, 1979 ва 1982 йилларда туғилган ака-ука 3 кг 627 гр «опий» ва 919 гр «гашиш» моддаларини 30 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланди. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари муқаддам тожикистонлик наркокурерлар томонидан контрабанда йўли билан Сариосиё туманига келтириб берилган.

Маълум қилинишича, ака-ука аввал ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлари учун судланган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273 (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.