ФОТО: Муштарий оқбоева / «ГАЗЕТА.UZ»
«Чўл устидаги ҳашамат»
Қатар нимаси билан машҳур?
Қатар — маданий ўзига хослик ва замонавийликни жам қилган, денгиз ва саҳро бағридан жой олган, қолаверса, бутун дунёдан келган одамлар бир ерда учрашадиган мамлакат. Атиги 11 571 квадрат километр (бутун бошли Тошкент вилоятидан ҳам кичикроқ) ҳудудга эга мазкур араб давлатининг пойтахти Доҳа Форс кўрфази сувлари билан ювилиб турувчи яриморолда жойлашган.

«Газета.uz» мухбири Easybooking компанияси томонидан ОАВ ходимлари учун Қатар пойтахти Доҳага уюштирилган бир ҳафталик инфо-турда бўлиб қайтди. Улар Тошкентдан Қатарга Centrum Air авиакомпанияси томонидан йўлга қўйилган тўғридан-тўғри рейс орқали учди.

Мазкур материалда «Газета.uz» мухбири Муштарий Оқбоева кўрган-кечирганлари, Қатар пойтахтининг ўзига хос масканлари, қоидалар ва баъзи фойдали маслаҳатлар билан бўлишади.
CEIC Data
CEIC Data маълумотларига кўра, 2015 йил декабрида Қатарга рекорд даражада кўп сайёҳ — 2 929 630 киши келган.

Коронавирус туфайли 2020 йилда кўрсаткич 581 659 кишигача камайиб кетди. 2022 йилда Қатар пандемиядан аввалги кўрсаткичларни яна тиклашга, яна миллионлаб сайёҳларни жалб қилишга муваффақ бўлди.
Таққослаш учун, Қатар Ўзбекистондан 40 карра кичик. Мамлакат ичкариси чўллардан иборат, қирғоқ чизиғи эса қумтепаликлар билан қопланган. Шаҳар ҳудудини эса, худди Дубай каби, «саҳродан тортиб олинган ерлар» дея таърифлаш мумкин. Айни вақтда, Қатар нафақат замонавий осмонўпар бинолари, балки табиати билан ҳам қизиқ.
реклама
реклама
Айниқса, футбол бўйича 2022 йилги Жаҳон чемпионатидан сўнг мамлакатга қизиқиш янада ортди. Айнан шу мусобақа газ ва нефтга бой ушбу Яқин Шарқ мамлакатининг туризм салоҳияти ва имкониятларини, ўз бағрида яшириб ётган сирларни бутун дунёга кўз-кўз қилиш имконини берди.
Нега айнан Қатар?
Футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик учун Қатар анча тайёргарлик кўрди. Чўл устида замонавий, кўнгилочар ва диққатга сазовор объектлар, осмонўпар бинолар кўп. Уларга қараб, «архитектор хаёлига келган исталган чизмани реал ҳаётда қуриб кетаверган» деган ўй ўтиши табиий. Бинолар архитектурасининг ҳеч бири бошқасини такрорламайди. Тиниқ сувли пляжларда сёрфинг, дайвинг, каякинг каби сув спорти турлари билан шуғулланиш учун барча имконият бор.

Қатар пойтахти Доҳа саёҳатчилар учун қулай: ундан дунёнинг 150 дан ортиқ шаҳарларига тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширилади. Мамлакат шопинг ихлосмандлари учун ҳам жозибадор манзил: tax free шарофати билан бренд буюмларни, олтин ва электроника маҳсулотларини жуда қулай нархда харид қилиш мумкин.
Қатарда майдан сентябргача жазирама ёз - ҳарорат одатда +45 даражадан юқори бўлади. Қатарга илк бор келган одам аэропорт эшикларидан ташқарига чиқиши биланоқ иссиқ ва намгарчиликни ҳис қилади. Октябрь-ноябрдан то март-апрелгача об-ҳаво нисбатан илиқ бўлади, ҳаво ҳарорати ҳатто +12…+15 даражагача пасайиши мумкин.

Доҳа ҳам Дубай каби субтропик чўл иқлим зонасида жойлашган бўлса-да, Доҳада ҳаво салқинроқ бўлади. Ёмғирлар асосан баҳорда, март ойида кузатилади. Қатарда жуда кўп нарсанинг имкони бор, жуда кўп нарса қилса бўлади, лекин қорбола ясаш ёки қорбўрон ўйнаш учун имконият деярли йўқ.
Қатарда майдан сентябргача жазирама ёз - ҳарорат одатда +45 даражадан юқори бўлади. Қатарга илк бор келган одам аэропорт эшикларидан ташқарига чиқиши биланоқ иссиқ ва намгарчиликни ҳис қилади. Октябрь-ноябрдан то март-апрелгача об-ҳаво нисбатан илиқ бўлади, ҳаво ҳарорати ҳатто +12…+15 даражагача пасайиши мумкин.

Доҳа ҳам Дубай каби субтропик чўл иқлим зонасида жойлашган бўлса-да, Доҳада ҳаво салқинроқ бўлади. Ёмғирлар асосан баҳорда, март ойида кузатилади. Қатарда жуда кўп нарсанинг имкони бор, жуда кўп нарса қилса бўлади, лекин қорбола ясаш ёки қорбўрон ўйнаш учун имконият деярли йўқ.
Қатар аҳолиси 3 млн нафардан ортиқ
Араблар бу соннинг ярмидан камроғини ташкил этади. Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Шри-Ланка, Непал каби Жанубий Осиё мамлакатларидан келиб, Қатарда яшаб, ишлаб қолганлар етарлича кўп.
Расмий тили – араб тили
Инглиз тили жуда оммалашган. Инглиз тилини Intermediate (B1) даражасида билиш Қатарда бемалол юриш учун етарли. Айнан шу даража билан бозорларда сотувчилар билан савдолашиб, арзонроққа харид қилиш имкони ҳам бўлади.
реклама
реклама
Қатар нимаси билан бой?
Қатар иқтисодиётининг асоси — газ ва нефть қазиб чиқариш, уни қайта ишлашдир. Қазилма бойликлардан олинган даромаддан ҳар бир фуқаро ўз улушига эга. Барча қатарликлар ҳеч бир истисноларсиз бой ҳисобланади, чунки уларнинг ижтимоий харажатлари давлат томонидан тўлиқ қопланади. Нефть ва газ қазиб олиш умумий давлат даромадларининг 70 фоизидан ортиғини, ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизидан ортиғини ва экспорт тушумининг қарийб 85 фоизини ташкил қилади. Қатар дунёдаги учинчи энг йирик тасдиқланган табиий газ захирасига эга, уни экспорт қилиш бўйича эса 2-ўринда туради. Бундан ташқари ЯИМда хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши ҳам катта.
Қатарга қандай бориш мумкин ва бунга қанча пул кетади?
Энг яхши усул — самолётда учиш. Ҳозир Centrum Air авиакомпанияси
Доҳага ҳафтасига бир марта тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйган.
Саёҳат учун Easybooking.uz компанияси тақдим этадиган бир ҳафтага мўлжалланган экскурсия (тур)ларни ҳам синаб кўриш мумкин.
Турлар 4 млн 700 минг сўмдан бошланади.

Бунинг ичига қуйидаги хизматлар киради:
1
Бориш-келиш авиачипталари
2
Трансфер хизмати
3
Меҳмонхонада яшаш
4
Нонушта
5
Шаҳар бўйлаб экскурсия
6
Виза олиш хизмати ушбу нарх ичига киритилмаган
Қатарга кетаётган киши ўзи билан нималарни олиши керак?
Қатар — иссиқ ўлка. Шуни ҳисобга олиб, саёҳатчи ўзи билан енгил кийимларни олиб, қалин кийимларни бемалол уйида қолдириши мумкин. Пулни, имкони бўлса, нақд АҚШ доллари кўринишида ёки VISA-картада сақлаш тавсия қилинади. Сабаби, Қатарда банкоматлар кам учрайди, валюта айирбошлаш шохобчаларида ҳам бироз бюрократия кузатилиши, сиздан виза ҳужжати ва паспорт сўралиши мумкин.

Қатарда соҳиллар, аква-парк ва йирик-йирик сув ҳавзалари кўп. У ерда чўмилиш кийимисиз сувга тушиш мумкин эмас. Шу сабабли очиқ оёқ кийим ва чўмилиш кийими олиш керак. Иссиқда тана куймаслиги учун енги узун кийимлар кийиш тавсия этилади. Қатарда ҳам исталган услубдаги кийимни кийса бўлади, бунга тақиқ йўқ. Лекин, маҳаллий аҳоли ўз қадриятларига мос кийинишдан воз кечмаган. Қолаверса, қуёшдан сақланиш учун крем ва соябон ҳам чемодандан ўрин олиши мумкин.

Тамаки чекувчилар учун ҳам ҳар ерда дўкон топиш бироз мушкул. Шу сабабли бу жиҳатни ҳам инобатга олиш керак.
Қатарда қаерларга борса бўлади?
Қатарга боғлиқ сўнгги воқеалардан келиб чиқиб тавсия қилиш мумкин бўлса, у ҳолда янги қурилган футбол стадионлари алоҳида эътиборга сазовор.
Доҳадаги Flag Plaza остида суратга тушинг
2022 йил октябрида очилган Flag Plaza майдони пойтахт харитасида ташриф буюриш керак бўлган масканлардан биридир. Объект Ислом санъати музейи боғи яқинида жойлашган бўлиб, у ерга Қатарда ўз ваколатхонасига эга 119 мамлакат ва давлатлараро тузилмаларнинг байроқлари ўрнатилган (улар орасида Ўзбекистон байроғи йўқ, чунки объект очилган вақтда Ўзбекистоннинг Қатарда дипломатик миссияси йўқ эди).
Машинистсиз метрополитен
Қатар метроси 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш режаларининг муҳим қисми бўлди. 2019 йилда қурилиши бошланган иншоот ҳозир тўлиқ ишламоқда. Метро машинистсиз бошқарилади, шунга қарамай жуда тез, замонавий ва хавфсиз. У Доҳадаги катта савдо марказларига уланган - уларнинг ичидан чиқмай туриб, метрога тушиш мумкин.

Тўлиқ автоматлаштирилган, узунлиги 60 метр бўлган метро поездларининг ҳар бири бир вақтнинг ўзида 416 йўловчини сиғдира олади, вагонлари эса уч тоифага ажратилган: стандарт, оилавий (11 ва ундан кичик ёшдаги болалари билан қатнайдиган ёлғиз аёллар ва эркаклар ёки аёлларнинг ўзи учун) ва Gold Club Travel Card эгалари.

реклама
реклама
Тоза ва кенг, Wi-Fi'га ҳам уланиш имконини берадиган поездлар соатига 100 километр тезликда ҳаракатлана олади. Метрода бир марталик чипта 2 Қатар рияли (0,55 АҚШ доллари)га тенг. Бир кун бемалол юриш имкониятини берувчи стандарт чипта нархи 6 риял (1,65 доллар).

Метро платформалари хавфсиз - кутиш майдонча ва поезд йўли ойнаванд тўсиқ билан ажратилган. Поездга чиққан йўловчи ерости линиясини ҳам бемалол кўриши мумкин. Метро қурилишига футбол сабаб бўлганини вагонларга безак сифатида ўрнатилган спорт тўпларидан ҳам билса бўлади. Хуллас, бўш вақтда айланиш учун яхши аттракцион.

The Pearl Island – Қатар марвариди
Фото: thepearlqatar.com
Доҳанинг Ғарбий Соҳил ҳудудида жойлашган Марварид ороли баъзи манбаларда «Араб Ривьера»си деб ҳам таърифланади. Минтақадаги энг нуфузли кўчмас мулк мажмуаларидан бири ҳисобланган мазкур ҳудудда ҳамма нарса энг майда деталларигача ўйланган.
Қатар марвариди учга бўлинган
1. Венециядан илҳомланган Қанат квартали

Ранг-баранг бинолар, гўзал сув ҳавзалари ва кўприклар билан ҳайратда қолдиради. Айнан шу ҳудудда чиройли фотосуратлар олиш, галерея ва ижтимоий тармоқларни ажойиб тасвирлар билан бойитиш мумкин.
2. Porto Arabia`ни ҳашаматли яхталар, ҳар қандай дидга мос келувчи ресторанлар ва замонавий турар-жой мажмуалари билан жиҳозланган замонавий Ўртаер денгизи руҳидаги жой деб таърифласа бўлади.
3. Medina Centrale эса боғлари, ўйин майдончалари, кўплаб кафе ва дўконлари мавжуд қизиқарли ҳудуд.
Балиқ Маркет
Мина туманида ажойиб балиқ бозори бор. Киришингиз билан биллур девор музлатилган балиқларнинг янада ёрқин кўринишига ёрдам бераётгандек туйилади. Бозорда хилма-хил денгиз жониворларини топиш мумкин.
Қатар миллий музейи
Чўл атиргули
Музейнинг ташқи кўринишини яратишда чўлларда учрайдиган атиргул шаклидаги кристаллдан илҳом олинган. Қатар бозорларида энг кўп тарқалган эсдалик совғалардан бири ҳам айнан шу – "чўл атиргули"дир.
– Миллий музей 50 риял сарфлаб киришга арзийдими?
– Ҳа.
Сабаблар:
  • Аввало, бинонинг ноодатий дизайни ва архитектураси кишини ўзига тортади;
  • Музейда Қатар тарихи, бугуни ва келажагини шаффоф ойналар ортидан кўриш мумкин;
  • Қатарнинг нефтгача ва нефтдан кейингги ҳаёти қандай бўлганини кўриб, тушуниб олса бўлади;
  • Болалар билан борса бўлади;
  • Ҳар бир экспонат ва тарихий воқеанинг 3D ва мультипликацион тарздаги талқини мавжуд;
  • Қатар аёлларининг бошдан кечирган синовлари кенг ёритилган;
  • Музейдаги чироқлар инсталляциясини албатта кўриш керак. "Сизнинг миянгиз менга, менинг миям сизга" лойиҳаси халқаро миқёсда таниқли швейцариялик рассом Пипилотти Рист томонидан яратилган.
    реклама
    реклама
    Музейда турли миллат вакилларини учратиш мумкин, масалан ўзбекларни ҳам. Турмуш ўртоғи ва қизи билан музейни айланиб юрган Жамшид Нурмуҳаммедов ҳам Қатарга бир ҳафтага дам олишга келган.
    «Қатар ҳавосини биз ҳам жуда иссиқ деб ўйлагандик, лекин ҳамма кирган жойларимизда кондиционер бор. Яхши томонлари - ҳамма жойда, ҳатто савдо нуқталарида ҳам азон овози эшитилади. Намоз вақти одам қаерда бўлишидан қатъий назар, намозини қазо қилмай махсус ажратилган жойларда ўқиши мумкин экан», — дейди у.
    Жамшид
    Нурмуҳаммедов
    Кондиционерли кўчаларни кўрганмисиз?
    Жазирамадан сақланиш учун нафақат ичкарида, балки очиқ осмон остида ҳам совуқ шабадани ҳис қилиш мумкин. Қатар маданий қишлоғидаги Katara Plaza атрофида кондиционерли кўча мавжуд. Салқин ҳаводан ичкарига кирганда эса Франциянинг машҳур дўконлари тармоғи Galeries Lafayette`ни ҳам топиш мумкин. Дўконларда маҳсулотлар сифати ва брендига қараб, нархлар ошиб бораверади.

    Katara Plaza`дан чиқиб, болалар савдо марказига, катта совға шаклидаги улкан бинога бориш, у ердан Қатар ов уюшмаси Al Gannas`ни кўргани бориш мумкин. Маданият қишлоғида ёғоч уйчаларда таом сотилаётганини кўрсангиз, билингки, сиз ҳозир Tasty Street`дасиз. Кириш бепул, оилавий дам олиш учун яхши манзил.
    Яқинларга совғани қаердан паст нархда сотиб олиш мумкин?
    Доҳада эсдалик совғаларни Suq Voqif бозоридан олиш мумкин. Бу шаҳар марказидаги кийим, қўлбола усулда тайёрланган сумка ёки эсдаликлар, совғалар, миллий ширинликлар, зираворларни арзон нархда олса бўладиган гавжум бир жой. Бозорда маҳаллий ҳамда чет эллик сотувчилар сизга хушмуомалалик билан мурожаат қилади. Айланиб юрган харидорларни кўриб, ким қатарлик, ким эса меҳмонлигини билиб олса бўлади. Айнан шу манзилда Қатарнинг маҳаллий аҳолиси қандай ҳаёт кечиришига гувоҳ бўласиз.
    Бозорда валютани Қатар риялига алмаштириб берадиган шохобча, ундан сал нарироқда эса банкомат мавжуд. Бозор расталарида мамлакат раҳбари Тамим бин Хамад ал-Танининг портрети туширилган буюмлар жуда кўп. Бундай тасвирларни бозордан ташқари исталган бошқа жамоат жойларида ҳам кўриш мумкин.
    Қатардан эсдалик ва совға учун нималар олиб кетиш мумкин?
    • Қатар номи туширилган магнитлар (5 риял)
    • Футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатига оид сувенир ва эсдаликлар (20 риялдан бошланади)
    • Чўл атиргули номли кристалл тошлар (2 таси 50 риял)
    • Қамишдан тайёрланган сумка ёки шляпалар (50 ёки 60 риялдан бошланади)
    • Зираворлар (оғирлигига қараб)
    • Ширинлик ва қуритилган мевалар (килоси 20 риялдан бошланади, маҳсулот турига қараб фарқ қилиши мумкин)
    • Чой (15 риялдан бошланади)
    • Кофе (60 риялдан бошланади)
    • Аёллар кийими: абая (у дизайни ва матосига, қолаверса, сотилаётган жойига қараб фарқланади; 200 риялдан бошланади)
    • Аёллар кийими: шарф (30-40 риялдан бошланади)
    • Кўзойнаклар (брендига қараб фарқланади)
    • Кийимлар (турига қараб фарқланади)
    • Атир (турига қараб фарқланади)
    • Чармдан тайёрланган аксессуарлар (50 риялдан бошланади)
    • бошқа буюмлар.
    Туя ва бургутларни кўргани боришни унутманг
    Suq Voqif`нинг чеккасида қатарликларнинг чуқур ҳурматига сазовор бўлган йиртқич қушлар дўкони – Falcon Souq жойлашган. Бинонинг кўргазма залида лочин ва бошқа қушлар ёғоч ўриндиқларда туради, уларнинг бошлари одатда оддий ёки безакли қалпоқлар билан ёпилган. Дўкон сотувчисининг назорати остида лочинни қўлга олиш мумкин - бунинг учун 10 риял тўлаш керак. Бу ердаги лочинлар одатда очиқ кимошди савдоларида минглаб долларга сотилади.

    Шунингдек, бозор яқинида туялар сақланадиган жой ҳам бор. Уларни суратга олиш ёки миниб кўриш ҳам мумкин (фақат у ерда таралаётган ҳид ёқимсизроқ бўлиши мумкин).
    Қатарнинг Ички денгизида сафари
    Қатар жанубидаги Аль-Хор Адаид пляжи тасаввур қилиш мумкин бўлган энг ноодатий, аммо жозибали жойлардан бири. У Доҳадан тахминан 80 км узоқликда жойлашган, унга тўрттала ғилдираги ҳам етакчи бўлган йўлтанламас машинада борган маъқул. Энг зўр адреналинни айнан шу машинада қумликлар устида юрганингизда ҳис этасиз. Хавфли аттракционлардан қолишмайди.

    Айнан шу манзил саҳро ва денгиз учрашадиган кам сонли жойлардан бири. Денгиз ва чўлни бир нуқтада дунёнинг яна 2 жойида: Саҳрои Кабир (Жанубий Африка) ва Саҳара чўлида (Марокаш) кўриш мумкин.

    Аль-Хор Адаиддаги Ички денгиз Қатар ва Саудия Арабистонини ажратиб турувчи чегара ҳисобланади. ЮНEСКО томонидан тан олинган ушбу ҳудуд балиқ овлаш, лагерь ёки қуёшнинг сувга қараб ботиб боришини томоша қилиш учун жуда мос келади.
    Эшкак эшишни севувчилар маскани
    Ал-Хор шаҳридан шимолда жойлашган Al Thakira Mangroves каякинг, яъни байдаркада эшкак эшиш учун қулай жой. Сув жуда чуқур эмас. Атрофни яшил бутасимон дарахтлар қоплаб туради, ҳеч қандай хавфли йиртқич сув ҳайвонлари учрамайди. Шунингдек, унга яқин жойда Бинафша орол ҳам бор - номи шундай бўлгани билан, орол асосан яшил рангда. Бу жойда ҳам спорт билан шуғулланиш, ҳам чиройли суратлар олиш мумкин.
    Hilton Salva & Beach Resort
    Мажмуа қайиқда сув спорти билан шуғулланиш ва дельфинларни томоша қилишга таклиф этади. Меҳмонхона ёнидаги пляжда махсус кемалар бор. Унга ўтириб, денгиз томон сузинг ва дельфинларнинг ажойиб ҳаракатларига гувоҳ бўлинг. Ундан қайтгач, махсус резина қайиқларга ўтириб, ҳақиқий сув спорти завқини ҳис қилиб кўринг.
    Қатар Венецияси
    Венециянинг кичик бир нусхаси бўлган Villaggio Mall`га шопинг учун борилади. Доҳанинг ғарбий чеккасидаги Ал-Ваъб кўчасида ва Aspire ҳудудида жойлашган ушбу савдо марказига ҳар куни ўртача 50 минг киши ташриф буюради.

    У ҳам бошқа савдо марказлари каби - атроф тўла дўконлар (Louis Vuitton, Christian Dior, Gucci, Valentino ва Dolce Gabbana каби ҳашаматли брендлар магазинлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади), савдо расталари, овқатланиш шохобчалари, кўнгилочар масканлар.
    реклама
    реклама
    Қатар аэропорти боғини айланиб чиқишни унутманг
    Аввало, юкларни рўйхатдан ўтказиб бўлган йўловчи чиқиш дарвозасига боргунча унга улкан сариқ айиқ унга оқ йўл тилайди. Қатар аэропортидан учиб кетиш учун дарвозалар кўп ва унга етиб олгунча яна бир ҳайдовчисиз махсус поездга чиқиш керак бўлади. Ундан тушиб, юқоридаги ёзувларга адашмай кутиш жойига қараб юриш керак бўлади. Аэропорт ичида йўловчилар кутиш вақтини фақат бино деворлари ёки дўконларга термулиб эмас, балки ҳақиқий боғни айланиб ёки ўша ерда ухлаб ўтказишлари мумкин.

    Аэропортда чўмилиш, спорт ёки SPA-марказига кириш, шуғулланиш ёки дам олиб, ухлаб олиш ҳам мумкин эди. Бироқ Centrum Air самолёти йўловчиларни қабул қилишни бошлади. Яна Қатарда кўришгунча!
    Материални Муштарий Оқбоева тайёрлади.
    Фотосуратлар муаллифи: Муштарий Оқбоева / «Газета.uz».

    «Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

    Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

    Изоҳ

    Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
    "Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

    Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг