Бирлашган Араб Амирликларидаги Дубай амирлигининг маркази — Дубай шаҳри ҳозирда кўпчилик томонидан «келажак шаҳри» дея тилга олинади. Саҳро устига қурилган ва Форс кўрфази бўйида жойлашган ушбу шаҳарнинг нега бундай аталиши ва нега Дубайга бир маротаба бўлса ҳам ташриф буюриш керак эканлиги ҳақда «Газета.uz» нинг ушбу мақоласида билиб олишингиз мумкин.

«Дубай» сўзини «личинкадан чиққан чигиртка» дея таржима қилиш мумкин. Ўз маъносига яраша, ушбу шаҳар бошқа йирик шаҳарлар билан солиштирилганда, гўёки бирданига пайдо бўлиб қолган мегаполисга ўхшайди. XIX аср бошларида Дубай аҳолиси атиги 1200 кишини ташкил қилган бўлса, ҳозирда ушбу шаҳар аҳолиси 3,5 млн дан ошган. Шаҳар майдони эса, 2019 йилги маълумотларга кўра, 3885 км² ни ташкил қилади. Аммо шаҳар борган сайин кенгайиб бормоқда. Шаҳар ерларини эса «саҳродан тортиб олинган ерлар» деб таърифлаш мумкин. Гўёки саҳро билан жанг қилинаяпти ва ерлар шаҳарлаштирилмоқда.

Фото: Flickr / Dubai Marina ва Jumeirah Lake Towers деб номланувчи ҳудудлар.

Дубайнинг қисқача тарихи

1940 йилларгача Дубай кичик бир аҳоли пункти эди. Дубай аҳолиси марварид сотиш ва уни озиқ-овқатга алмаштириш орқали кун кўришарди. Кейинчалик, японияликлар марваридларни сунъий йўл билан етиштиришни ўрганишди ва ҳақиқий марваридларга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада камайди. Натижада БААда инқироз бошланди. Бироқ, кейинчалик (1966 йилда) ушбу ҳудудда нефть топилгач, ҳаммаси ўзгарди.

Дубайда кўп қаватли биноларнинг қурилиши 1979 йилда бошланган бўлиб, ўша йили бу ерда 39 қаватли Дубай Жаҳон савдо маркази бунёд этилган. Қурилиши тугаллангач, бу бино Яқин Шарқдаги энг баланд бинога айланди.


Фото: 1979 йилда қурилган Дубай Жаҳон савдо маркази (кадрнинг марказидаги оқ рангдаги бино).

Кейинчалик бу каби ва бундан ҳам баланд осмонўпар бинолар бирин-кетин қад ростлай бошлади. Мисол учун Дубай шаҳрининг тимсолларидан бири бўлган «Бурж ал-Араб» биноси 1994−1999 йилларда қуриб битказилган. 321 м баландликка эга ушбу бино 2008 йилгача энг баланд меҳмонхона мақомини сақлаб турган.

Фото: Бурж ал-Араб.

Дубай: бугун

Uzbekistan Airways авиакомпанияси 7−10 октябрь кунлари ўзбекистонлик журналистлар ва блогерлар учун Дубайга медиа-тур ташкил этди. Медиа-турда «Газета.uz» мухбири ҳам иштирок этди. 3 кун давом этган медиа-турда жамоа шаҳарнинг Дубай Марина деб номланадиган нуфузли қисмидаги меҳмонхонада бўлди ва жуда кўп диққатга сазовор жойларни кўришга улгурди.


Фото: Дубай Марина.

Дубай Марина транспортда ҳаракатланиш бўйича шаҳарнинг энг яхши жойларидан бири бўлиб, бу ерда иккита метро бекати, автобус тармоғи, Дубай трамвайи ва сув қатновини таъминлайдиган паромлар мавжуд. Шунингдек, бу тумандан Дубайнинг энг яхши ресторанлари, кўнгилочар масканлари ва меҳмонхоналар жой олган.

Дубай метрополитени

Дубай метрополитенининг ҳайратланарли жиҳати — бу ерда метро ҳаракати автоматлаштирилган. Яъни уни ҳеч ким ҳайдамайди ва метро вагонлари метр, сантиметригача аниқликда бир хил нуқталарда тўхтайди. Метрополитен 2009 йил 9 сентябрь куни ишга туширилган бўлиб, ўзининг 2 та тармоғига ва уларнинг ичига кирувчи 49 та бекатига эга.


Дубай метрополитен тармоғининг умумий узунлиги 90 км га тенг.

Метро одатда ҳар 10 дақиқада келади, аммо тиғиз пайтларда ҳар 4−5 дақиқада кела бошлайди. Шу йўл билан метро вагонларининг тўлиб кетиши олди олинади.

Дубай метрополитенининг яна бир қулай томони, метро бекатлари шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, савдо марказлари билан кесишган. Яъни сиз бу жойларга, мисол учун Dubai Mall савдо марказига тўғридан-тўғри метро орқали ўтишингиз мумкин.

Фото: Dubai Mall дан метрога ўтиладиган йўлак.

Қизил тармоқ барча машҳур жойларни, жумладан Burj Khalifa, Dubai Mall савдо маркази, Emirates Towers, Jumeirah Lakes Towers ва Mall of the Emirates ни қамраб олади ва Дубай аэропортига яқин жойда ҳам ўз бекатига эга.

Яшил тармоқ эса Dubai Creek бўйидаги эски шаҳардан тортиб, Al Fahidi, Deira деб номланувчи тарихий туманлари, Дубайнинг машҳур олтин ва зираворлар бозоригача элтади.

Дубай метрополитени вагонлари уч тоифага бўлинган: Gold, Silver ҳамда аёллар ва боллар учун вагон. Панорамали ойнали Gold тоифадаги вагонлар кенгроқ ва кенг чарм ўриндиқларга эга. Ҳашаматли вагонда саёҳат қилиш учун сиз метро кассаларидан бирида махсус тариф бўйича чипта сотиб олишингиз керак бўлади. Шунингдек, барча сайёҳат қилиши мумкин бўлган Silver «умумий вагонлари», ва бундан ташқари, аёллар ва болалар учун алоҳида вагонлар мавжуд.

Дубайда қаерларга бориш мумкин?

Эски Дубай қисмида шаҳар тарихи билан танишинг

Дубай фақат ҳашаматли бинолардан иборат эмас. Шаҳарнинг эски қисми Дубай тарихини кўрсатиш учун, ўтмишни, урф-одатларни унутиб қўймаслик учун ўз ҳолича сақлаб қолинган. Dubai Creek бўйида жойлашган ушбу ҳудуд бир пайтлар савдо-сотиқ ва марварид етиштириш маркази бўлган. Айнан ушбу Al Fahidi деб номланувчи ҳудудда 1998 йилдан буён Шайх Муҳаммад бин Рашид Маданий тушуниш маркази фаолият юритиб келади.



Ушбу маданият марказида шаҳар меҳмонларига амирликлар тарихи, урф-одатлари ҳақида сўзлаб берилади, миллий чой ва ширинликлар билан меҳмон қилинади. Маҳаллий кўчманчи халқ — бадавийларнинг ҳаётини ҳақида кўп маълумотлар билиб олишингиз, ўзингизни уларнинг шароитида ҳис қилиб кўришингиз мумкин бўлади.

Марказнинг шиори «Очиқ эшиклар — очиқ мулоқот» ва бу улар сизнинг барча саволларингизга жавоб беришга тайёр эканликларини англатади.

The View at The Palm кузатув майдончасига чиқиб кўринг

The View at The Palm кузатув майдончаси Palm Tower осмонўпар биносининг 52-қаватида, 240 метр баландликда жойлашган.

Бу ерда туриб Palm Jumeirah ороллари ва шаҳар осмонўпар бинолари, шунингдек агар тўғри вақт танлай олсангиз, қуёш ботиши манзараларидан баҳраманд бўлиш мумкин.

Фото: қузатув майдончаси орқали Дубайнинг тунги кўриниши.

Келажак музейига ташриф буюринг

Дубай Келажак музейи (Museum of the Future) 2022 йил 22 февраль куни очилган. Ушбу мажмуа инсоният тараққиёти ва келажагига бағишланган бўлиб, у ерда яқин ўн йилликлар ичида инсоният келажаги қандай бўлиши кутилаётгани ҳақида танишиб олишингиз мумкин.


7 қаватдан иборат бўлган ушбу бино ичида турли мавзулар ва йўналишларга бағишланган заллар мавжуд.


Фото: Келажак музейининг ички кўриниши.

National Geographic журнали ушбу музейни 14 та энг чиройли музейлар рўйхатига киритди.

Burj Khalifa кузатув майдончаси


Замонавий Дубай шаҳрининг тимсоли — Burj Khalifa ҳозирда мавжуд осмонўпар бинолар орасида энг баланди ҳисобланади. Бинонинг очилиш маросими 2010 йил бўлиб ўтган ва унинг баландлиги 828 метрни ташкил қилади.

Бинонинг 148 қаватида, 555 метр баландликда жойлашга кузатув майдончаси ҳам дунёдаги энг баланд кузатув майдони ҳисобланади.

Burj Khalifa’нинг 148-қаватида жойлашган ушбу кузатув майдончаси 2014 йилда очилган. Ушбу майдончага лифт бир дақиқадан ортиқроқ вақт ичида кўтарилади.


Фото: кузатув майдончасидан кўринадиган манзара.

Саҳро бўйлаб сафари-турга отланинг

Бирлашган Араб Амирликларидаги энг ҳаяжонли ва унутилмас тадбирлардан бири бу саҳро сафари. Поёнсиз қумлар ҳашамати одамни ҳайратга солади ва илҳомлантиради. 50−60 йиллар услубидаги Land Rover автомашиналарида саҳро бўйлаб сайёҳат, туя миниш, саҳро кўчманчи халқларининг таомларидан тановул қилиш — сизга янгича таассуротлар ҳадя этади.

Саҳро бўйлаб сафариларни уюштирадиган Дубайдаги ягона компания — Platinum Heritage. Саҳро бўйлаб уюштириладиган экологик сайёҳат давомида саҳро манзарасига зарар етказмаслик мақсадида фақат маҳсус йўл бўйлаб ҳаракланилади.

Тур давомида амирликлар аҳолиси тимсоли бўлган — чўл лочини иштирокидаги шоуни томоша қилишингиз ва ушбу жонзот ҳақида кўп маълумотга эга бўлишингиз мумкин.

The Green Planet мажмуасида табиатни ҳис этинг

Сиз экологик сайёҳатингизни шаҳарга қайтиб, «Яшил сайёра» (The Green Planet) да давом эттиришингиз мумкин. The Green Planet — ўзининг биологик хилма-хиллиги билан тропик ўрмон экотизимини сунъий тарзда тиклаган минтақадаги биринчи биогумбаздир.

Бу ерда табиий ҳаёт тарзи ва ёпиқ тропик муҳитнинг табиий мувозанатини сақлайдиган 3000 дан ортиқ ўсимлик ва ҳайвон турлари тўпланган. The Green Planet биносида, шунингдек, экотизимнинг ҳаётийлигини сақлайдиган, дунёдаги энг катта ёпиқ, сунъий дарахт дея ҳисобланувчи 25 метрли улкан дарахт жойлашган.

Caesars Palace меҳмонхонасидаги Venus ресторанида овқатланинг


Дубайдаги Bluewaters Island ҳудудида жойлашган Caesars Palace меҳмонхонасига қарашли Venus ресторанида сиз учун Дубай шаҳрига қараган чиройли манзара очилади.

Айнан шу ерда ушбу манзарадан баҳраманд бўлиб, итальян ошхонаси таомларидан татиб кўришингиз мумкин.

Шоппинг қилиш учун Dubai Mall савдо марказларига ташриф буюринг

Dubai Mall дунёдаги энг йирик савдо ва кўнгилочар марказ бўлиб, у Дубай марказида жойлашган (Burj Khalifa ёнгинасида). Марказнинг умумий майдони 1,2 млн м² дан ортиқ бўлиб, расман 2008 йилда очилган.

Dubai Mall да 1300 дан номдаги дўконлар мавжуд бўлиб, унинг ичида исталган турдаги маҳсулот, кийим ва буюмларни топиш мумкин. Шунингдек, бу ерда катта аквариум, зоопарк, турли хил мавзулардаги боғлар, муз саройи,аттракционлар, кинотеатрлар ва машҳур ресторанлар мавжуд. Сўзсиз, ушбу савдо ва кўнгилочар марказни айланиб чиқишга бир кун камлик қилади.

Dubai Mall дан чиқишингиз билан эса машҳур «рақсга тушадиган» фаввораларни кўришингиз мумкин.

Албатта, Дубайда ташриф буюриш мумкин бўлган, диққатга сазовор жойлар жуда кўп ва бундай нуқталарнинг сони борган сайин ортмоқда. Чунки шаҳарнинг ўзи ҳам дунёнинг кўз ўнгида кенгайиб бормоқда. Араб дунёсидаги энг катта шаҳарлар ўртасида «энг, энг…» туркумида биринчи бўлиш учун пойга кетаётган экан, Дубай ҳали бизни ҳайратлантиришда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UzAirways авиакомпанияси Ўзбекистон-БАА йўналишига кўпроқ эътибор қаратаётгани ва 30 октябрдан бошлаб Фарғона — Дубай — Фарғона йўналиши бўйича янги авиақатновларни йўлга қўяётгани ҳақида хабар берган эдик. Бугунги кунда UzAirways Тошкентдан Дубай шаҳрига мунтазам авиақатновларни ҳафтасига олти марта амалга оширмоқда.