Ўзбекистондаги барча энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитаси шакллантирилади. Шу ва шунга ўхшаган вазифалар ички ишлар органлари томонидан белгилаб олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов мамлакат аҳолисига қилган мурожаатида айтиб ўтди. Мурожаат матни «Янги Ўзбекистон» нашрида эълон қилинди.

Вазирнинг маълум қилишича, мавжуд муаммоларга ечим топиш, аҳоли учун хавфсиз яшаш ва меҳнат шароитларини яратиш борасида ички ишлар органлари томонидан қатор вазифалар белгилаб олинган.

Хусусан, бундан буён асосий эътиборни содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни илмий ёндашув асосида ўрганиш, уларнинг асл сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш масаласига қаратилади. Эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини жалб этиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда «намунали ҳудуд методикаси» яратилади. Мазкур ёндашув орқали келгусида ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг асл сабаблари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Қайд этилишича, тўққиз ярим мингга яқин маҳалланинг 1,5 мингдан зиёдида криминоген вазият мураккаб ва у ердаги жиноятчиликнинг илдизи кўпинча ижтимоий муаммоларга бориб тақалмоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича «ижтимоий профилактика» тизимини тўғри йўлга қўйиш орқали профилактика инспектори, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаолидан иборат «маҳалла бешлиги» ҳамкорлиги янада кучайтирилади. Маҳалланинг ўзида ўсмирлар, ёшлар ва аёллар ўртасидаги жиноятчиликни кескин камайтириш ҳамда муаммоли фуқаролар билан ишлашни кучайтирган ҳолда криминоген вазиятни барқарорлаштириш чоралари кўрилади.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва уларнинг вилоят бошқармалари раҳбар ходимлари, Бош прокурор ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари ва вилоят прокурорлари энг оғир маҳаллаларга бириктирилган ҳолда уларни «жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш» саъй-ҳаракатлари фаоллик билан амалга оширилади.

«Оила — маҳалла — мактаб — мустақил ҳаёт» тамойили асосида тарбияси оғир ўсмирларга вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарлари бириктирилади, мустақил ҳаётга тайёрлаш даврида улар билан якка тартибда ишлаш тартиби йўлга қўйилади.

«Хавфсиз оила» тамойили асосида алоҳида иш тизими йўлга қўйилади. Бунда ижтимоий-маиший муаммоси ҳал бўлмаган оилалар билан ишлаш давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаси этиб белгиланади. Судда низолашаётган оилалар билан манзилли ишлаш бўйича ягона идоралараро ахборот тизими ишга туширилади.

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги — жамоатчилик назоратида» тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш, шунингдек, барча йўл-патруль хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудудини белгилаб қўйиш амалиёти йўлга қўйилади.

Ўзбекистон бўйича энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитаси шакллантирилади. Ушбу харитада ҳаракатни тартибга солиш учун зарур бўлган светофор, йўл тўсиқлари, ер усти ва ер ости пиёдалар йўлакларининг аниқ сони ва ўрнатилиш жойлари, шунингдек, таъмирталаб, жиддий хавф туғдираётган йўл қисмларининг жойлашуви кўрсатилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари кўмагида, консультантларни жалб қилган ҳолда, ушбу йўл ва чорраҳаларда тартиб ўрнатиш ишлари бошланади.

Бундан ташқари, тизимда маънавий-ахлоқий масалаларга эътибор тубдан ўзгариши ҳам режалаштирилган. Бу учун ички ишлар органлари ходимлари ҳар куни минглаб фуқаро билан мулоқотга киришади. Бу жараёнда уларнинг хушмуомала бўлиши, фуқаролар муаммоларига қонуний ечим топиши аҳоли, умуман, жамиятдаги ижтимоий кайфиятга жуда катта таъсир кўрсатади.