WhatsApp мессенжери канал функциясини ишга туширди. Бу ҳақда компания ўз блогида маълум қилди. Худди шундай функция Telegram`да ҳам мавжуд.

«Биз 150 дан ортиқ мамлакатларда „Каналлар“ функциясини ишга туширмоқдамиз, шунда фойдаланувчиларимиз ўзларини қизиқтирган янгиликларни шахсий равишда олишлари мумкин», — дея хабар қилди WhatsApp.

Хизмат каналлар мавжуд бўлган мамлакатларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этмади, аммо «яқин ойларда канал яратиш имконияти ҳамма учун очиқ бўлишини» таъкидлади. Хабар ёзилган вақтида функция Ўзбекистондаги фойдаланувчилар учун мавжуд эмас эди. Мессенжер WhatsApp каналлар функцияси ишга туширилганидан хабардор бўлиш учун мобил телефонда кутувчилар рўйхатига ёзилишни таклиф қилмоқда.

Каналлар чатлардан «Жорий» ёрлиғи (собиқ «Ҳолат» ёрлиғи) орқали ажратилган. Каналда матнли хабарлар, фотосуратлар ёки видеолар ва улардаги маълумотларга ҳаволаларни нашр қилиш мумкин. Фойдаланувчилар постларга муносабат билдиришлари ва уларнинг умумий сонини кўришлари, администраторлар эса 30 кун давомида постларни таҳрирлашлари мумкин.

Фойдаланувчилар, шунингдек, мамлакатга қараб автомат фильтрдан фойдаланадиган такомиллаштирилган каталог функциясидан фойдаланишлари мумкин. Фильтр каналларни янгилик, фаоллик ва машҳурлик бўйича тартиблайди.

«Бу ҳали бошланиши. Биз фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида янги функцияларни қўшишда давом этамиз», — дея маълум қилди WhatsApp.

Meta раҳбари Марк Цукерберг, мусиқачи Дэвид Гетта, Netflix, Barcelona, Real Madrid футбол клублари ва бошқалар аллақачон WhatsApp каналларини ишга туширган.

Мессенжерда каналлар пайдо бўлиши июнь ойида маълум бўлганди. Кейинроқ компания яқинлашиб келаётган янгиланишни «WhatsApp`дан чиқмасдан одамлар ва ташкилотларнинг муҳим янгиликларидан хабардор бўлишнинг оддий, хавфсиз ва шахсий усули» дея таърифлади.