14 сентябрь куни Душанбега ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммити кун тартибига киритилган масалалар юзасидан фикр алмашди. Минтақавий ҳамкорликнинг бошқа жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Олий даражадаги келишувлар ижросининг амалий жиҳатларига, энг аввало, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада қўшма ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият олиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди, дейилади хабарда.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати