Тошкент вилоятида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишларида 6,3 млрд сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳозирда вилоят ҳудудида жами 457 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Прокуратура органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда 15,8 млрд сўмлик сифатсиз ишлар ҳамда 6,3 млрд сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган.

Жиддий қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 63 та жиноят иши қўзғатилган, 12,6 млрд сўм зарар ундирилган, 280 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланган. Шунингдек, 90 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланган.

Аввалроқ вилоятнинг Қибрай туманида зиёратгоҳни таъмирлаш учун ажратилган маблағнинг 263 млн сўмини қўшиб ёзиш орқали талон-торож қилган шахс 5 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида ёзгандик.