Россия президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Амур вилоятидаги «Восточний» космодромида учрашди, дея хабар бермоқда «Интерфакс».

Ким Чен Ин космодромнинг темирйўл вокзалига ўзининг зирҳланган поездида етиб келди. Кутиб олиш маросими ҳозирда «Ангара» ракетаси йиғилаётган ўрнатиш ва синовдан ўтказиш корпусида бўлиб ўтди.

Учрашувда икки давлат раҳбарлари ўзаро cуҳбатлашди ва журналистлар билан қисқа мулоқот қилди. Кейин эса космодром объектлари кўздан кечирилди.

Журналистлар Владимир Путинга музокараларда ҳарбий-техник ҳамкорлик масаласи ҳам муҳокама қилиниши борасида савол берди. «Барча масалалар бўйича шошилмай гаплашамиз. Вақт бор», — дея жавоб қайтарди Россия президенти.

Бундан ташқари, Ким Чен Иннинг ташрифи доирасида икки давлат делегациялари иштирокидаги музокаралар, Путин ва Ким Чен Иннинг тет-а-тет форматидаги учрашуви ўтказилди. Россия президенти номидан шимолий кореялик меҳмон шарафига расмий тушлик ташкиллаштирилди. КХДР етакчисига сафарда мамлакатнинг ҳукмрон — Ишчилар партияси вакиллари ҳамда вазирлар ва ҳарбий етакчилар ҳамроҳлик қилди.

Кенгайтирилган таркибдаги учрашув аввалида Шимолий Корея етакчиси Пхеньян ҳар доим Путин ва Россия расмийларининг барча қарорларини қўллаб-қувватлаб келганини ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашини айтди.

«Ҳозирда Россия ўз суверенитети ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун шайланган… Умид қиламанки, биз империализмга қарши курашда ва суверен давлат қуришда доимо бирга бўламиз», — деди у.

Кейинчалик Путин ва Ким Чен Иннинг тет-а-тет форматидаги учрашуви бўлиб ўтди, ҳозирча унда нималар муҳокама қилингани бўйича расмий маълумот берилмади.

Шимолий кореялик меҳмон шарафига ташкилланган расмий тушликда Ким Чен Ин тост айтиб, Россиянинг янги ғалабалари учун қадаҳ кўтарди.

Музокаралар 4 соат давом этди.

Маълумот ўрнида, Ким Чен Ин бир кун аввал Владимир Путин билан музокаралар ўтказиш учун Россияга келганди. У саёҳат қилган зирҳли поезд 12 сентябрь куни эрталаб Приморск ўлкасига етиб борган. Мазкур ташрифдан олдин Ғарб нашрлари музокаралар мавзуларидан бири Шимолий Кореянинг Россияга Украинадаги урушда қўллаши мумкин бўлган қурол-яроғларни етказиб бериш бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Бу Ким Чен Иннинг коронавирус пандемиясидан кейин Шимолий Кореядан ташқарига биринчи расмий ташрифи ҳисобланади. Россияга у охирги марта 2019 йилда Путин билан музокараларда қатнашиш учун келган.