Эндиликда ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат «Менинг йўлим» дастури орқали ажратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни йўл хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўтказган йиғилишда маълум қилинди.

«Энди қаерда ички йўл қуриш, қайсини таъмирлашни одамларимизнинг ўзи ҳал қилади. Шундай қилсак, лойиҳани танлаб олишда ва сифатни таъминлашда очиқлик бўлади, тўлиқ жамоатчилик назорати ўрнатилади», — деди президент.

2024 йилда мазкур дастур учун камида 800 миллиард сўм ажратилади.

Сўнгги 6 йилда мамлакатда йўллар қуриш ва таъмирлашга ажратилаётган маблағлар 3 карра ошган. Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги корхоналарга 2 мингдан зиёд махсус техника харид қилинган. Булар орқали 65 минг километр йўллар қурилган ва таъмирланган.

2023 йилдан «Менинг йўлим» лойиҳаси ҳам бошланиб, ички кўчалар аҳоли таклифлари асосида қурилиб таъмирланадиган тизим жорий қилинди. 2023 йилда 470 та маҳалладаги ички йўллар учун 410 миллиард сўм йўналтирилди. Натижада 3 миллион 600 минг аҳолига қулайлик яратилди.

3 мингга яқин маҳалла йўлларига илк бор асфальт ётқизилди, яна 2 мингта маҳалладаги тупроқ йўллар шағал қопламага ўтказилди.

Лекин соҳада бир қатор тизимли муаммолар ҳам бор. Асосий камчиликлардан бири — қурилаётган йўлларнинг сифатсизлиги. Янги йўллар кўп ўтмай яроқсиз аҳволга келаётгани учун яна таъмирланмоқда, дейилади хабарда.

Йиғилишда йўлларни лойиҳалаш меъёрлари эскиргани қайд этилди. «Уларнинг катта-кичиклиги ёки ҳудудларнинг иқлим шароитига қарамай, бир хил андаза қўлланмоқда». Лойиҳаларда йўлбўйи инфратузилмаси назарда тутилмагани боис аксарият савдо ва сервис шохобчалари тартибсиз жойлашгани қайд этилди.

Сифат пастлигининг яна бир сабаби йўл назоратининг сустлигида экани таъкидланди.

«Бу борадаги ҳозирги талаблар шундайки, техник назоратчилар асосий вақтини йўлнинг сифатини текширишга эмас, пудратчининг ҳужжатларини ўрганишга сарфлайди. Йўл қурилишида замонавий техникаларни бошқара оладиган малакали кадрлар етишмайди», — дейилади хабарда.

Йўлларни мониторинг қилишнинг автоматлашган тизими йўқлиги сабабли қайси йўлдан қандай ҳажмда юк ўтаётгани маълум эмаслиги, йўлларда унинг юк кўтариш имкониятидан оғир бўлган транспортлар ҳам ҳаракатланаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ривожланган мамлакатларда ҳам йўлларни қуриш ёки таъмирлаш тўлиқ давлат ҳисобидан амалга оширилмайди. Юртимизда хусусий шериклик бўйича қонуний асослар яратилган бўлса-да, йўл соҳасида бу жараён суст кетмоқда. Шу боис инвесторларга қўйиладиган шартлар ва давлатнинг мажбуриятларини аниқ белгилаб, йўл лойиҳаларига хусусий шерикларни фаол жалб қилиш зарур, дея қайд этилди президент матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, шунча маблағ ва меҳнат билан қурилаётган йўлларни сифатли сақлаш ҳам зарур. Масалан, чет элларда йўлларда юк транспортлари вазнини ўлчайдиган назорат тарозилари ўрнатилади. Бундай тарозиларни Ўзбекистонда ҳам хусусий шериклик асосида ўрнатиш таклифи билдирилди.

Шаҳарлардаги йўлларни сақлаш ва атрофини кўкаламзорлаштириш учун ободонлаштириш бошқармалари махсус техникалар билан таъминланади.

Бугунги кунда йўлларда ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи 2 минг 500 дан зиёд камера ва радарлар ўрнатилган. Аҳоли яшаш жойларида чекланган тезлик 60 километр-соатга туширилган. Натижада йўл-транспорт ҳодисалари 30 фоизга камайган. Ҳайдовчиларга қулайлик яратиш учун «ақлли чорраҳа» ва «ақлли светофор» бошқарув тизимларини кенгроқ жорий қилиш зарурлиги айтилди.

Туманларда йўл ва кўприклар қуриш ва таъмирлаш бўйича 3 йиллик дастур қабул қилиш, йўл корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва моддий-техник базасини яхшилаш юзасидан топшириқлар берилди.

«Сифатли йўл одамларнинг кайфияти ва иқтисодиётимиз „артерияси“ ҳисобланади. Шу боис йўл қурилишига янгича ёндашувларни жорий қилиб, сифатни ошириш, соҳани рақамлаштириш ва хусусий секторни кенг жалб қилиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва сақлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Аввало, лойиҳалашни комплекс ёндашув асосида такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Яъни бугунги кун талабидан келиб чиқиб, автомобиллар тўхташ жойи, ёқилғи қуйиш шохобчаси, овқатланиш, савдо ва техник хизмат кўрсатиш объектлари қаерда жойлашиши, қаерда дарахт экилиши лойиҳанинг ўзида мужассам бўлиши керак.

Давлат раҳбари йўл қурилишида «ресурс» усулидан «ҳажм» усулига ўтиш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу борада Халқаро консультант муҳандислар федерацияси стандартлари қўл келади. Унга кўра, махсус сертификатга эга муҳандислар йўл қурилишидаги барча жараёнларни назорат қилади ва якуний сифатга жавоб беради.

Умуман, йиғилишда қайд этилган барча чораларни инобатга олган ҳолда, автомобиль йўллари соҳасини ривожлантириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.