11 август куни «Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023−2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-299-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Унда ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштиришга доир ишлаб чиқиладиган ҳужжатларнинг қуйидаги даражалари белгиланди:

биринчи даражада — ҳудудларнинг рақобат устунликлари ва барқарор ривожланиш драйверларини аниқлаб берувчи Ўзбекистон ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош схемаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш схемалари, Агломерацияларни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади;

иккинчи даражада — шаҳарлар (шаҳарчалар) ва шаҳар атрофи зоналари интеграцияси асосида шаҳарларнинг (шаҳарчаларнинг) бош режалари, шунингдек, қишлоқ аҳоли пунктларининг ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемалари ишлаб чиқилади;

учинчи даражада — ҳудудларнинг аниқ муаммоларини бартараф этишга йўналтирилган, ўзида шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа лойиҳа ечимларини мужассамлаштирган мастер режалари ёки батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш республика маркази ташкил этилди. Марказ Давлат шаҳарсозлик кадастрини юритади.

Шунингдек, 2024 йил 1 июлгача «Менинг ҳудудим» электрон платформаси ишлаб чиқилади.

Платформада аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ва мастер режаларини ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда овоз бериш механизми жорий этилади.