Олий таълим олиш истагида бўлган абитуриентлар учун яна бир қатор енгилликлар берилмоқда, дея хабар берди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.

2023 йилги тест имтиҳонлари натижаларига кўра, ўқишга кира олмаган абитуриентларга рўйхатдан ўтишда танланган барча бакалавриат таълим йўналишларидан бирида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида (супер контракт) ўқиш имконияти берилмоқда.

Шунингдек, агар абитуриент рўйхатдан ўтишда 1-танланган ОТМга кира олмаган, бироқ 2-, 3-, 4- ёки 5-бакалавриат таълим йўналишларидан бирига талабаликка тавсия этилган бўлса, биринчи бакалавриат таълим йўналишида супер контракт асосида ўқиши мумкин. Бунда абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган баллари асос сифатида қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, минимал ўтиш балидан (56,7 баллдан) кам балл тўплаган абитуриентларга ҳам биринчи ўқув йилида супер контракт миқдорининг 2 баробарига тенг тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилган.