Шавкат Мирзиёев 11 сентябрда имзолаган қарори билан «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлади.

Қарор билан «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича 2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси тасдиқланди.

Унда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:

  • мактабларда 1-синфдан компьютер саводхонлиги дарсларини жорий этиш;
  • 5 минг нафаргача профессор-ўқитувчиларни тажриба алмашиш учун, 200 нафаргача ёш олимларни илмий даража олиш учун танлов асосида хорижий илмий ташкилотларга юбориш;
  • Бухоро шаҳрида Жадидлар музейини ташкил қилиш.

2024 йил 1 январдан бошлаб:

  • давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади;
  • Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминлансин, келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади;
  • банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги 10-синф ўқувчилари учун тегишли ҳудудларда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилади. Бунда, дастлабки босқичда ушбу тартиб зарур кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан белгиланган умумий ўрта таълим муассасаларида жорий этилади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун «таянч мактаб» этиб белгиланади. Бунда, умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари «таянч мактаблар» томонидан янги таълим дастурлари, дарс ўтишнинг илғор методикалари ва ўқувчи билимини баҳолашнинг замонавий усулларига ўргатилади.