1 январдан бошлаб босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилади. Бу президент имзолаган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида қарорда қайд этилган.

Қарорга кўра, давлат хизматларини кўрсатишда аҳолига янада қулайликлар яратиш ва ортиқча сансалорликларга барҳам бериш мақсадида:

  • 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳолига йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномалари ва бошқа нотариал тасдиқланган битимларни «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимидан олиш амалиёти йўлга қўйилсин ва ариза берувчилардан мазкур ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади;
  • 2024 йил 1 мартдан бошлаб нотариал идорага келмасдан, шу жумладан, чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) электрон рақамли имзодан фойдаланиб, видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилади.

Бунда, туман ва шаҳар бюджетларига тушадиган солиқ тушумларининг бир қисми маҳаллаларнинг ижтимоий-иктисодий муаммоларини ҳал қилиш жамғармаларига йўналтирилиши белгиланади.

Ташаббусли бюджет амалиётини ва маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини янада кенгайтириш мақсадида 2024 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 10 триллион сўм, шундан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари учун камида 4 триллион сўм йўналтирилади.

2024 йил якунига қадар қонунда белгиланган асосларда тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларига санкция бериш масаласини алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилади.

Тадбиркорлик соҳасида жавобгарликни янада либераллаштириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб:

  • биринчи марта жиноят содир этган шахсни, агар у суд маслаҳатхонага киргунига қадар солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади;
  • тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган ҳар бир жиноят иши бўйича тергов ҳамда суд жараёнида тегишли мансабдор шахс жиноят иши материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, тадбиркорлик субъекти аъзо ҳисобланган бошқа ташкилотни жамоат ҳимоячиси сифатида жалб этиши (хабар қилиш) тартиби жорий этилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобиль йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий этиб белгиланди.

2022 йил 26 декабрь куни президентнинг «Маҳалла бюджети» тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги [ПҚ-458-сонли] қарори қабул қилинганди.