Ливияда «Даниэл» циклони келтириб чиқарган вайронкор сув тошқинлари оқибатида камида 3 минг киши ҳалок бўлди, яна 10 минг киши бедарак йўқолди, дея хабар бермоқда Al Jazeera.

10 сентябрь куни мамлакат шимоли-шарқига циклон урилиб, кучли ёмғир сабаб турар-жой бинолари ва инфратузилмани сув босди. Дёрна шаҳри энг кўп зарар кўрди, унинг юқори қисмидаги иккита тўғон бузилган. Сув шаҳарнинг тўртдан бир қисмигачасини вайрон қилган.

Ливия Ссоғлиқни сақлаш вазири Усмон Абдел Жалил минтақада «фалокатли вазият» борлигини айтди. «Вазият биз кутгандан ҳам жиддийроқ ва ёмонроқ бўлиб чиқди. Халқаро аралашув зарур», — деди у.

Ливия ҳукумати мулозимининг Ал-Жазира телеканалига айтишича, сув тошқини туфайли вайрон бўлган тўғонлар «ўнлаб йиллар давомида ҳукумат эътиборсизлигидан кейин тўғри сақланмаган».

Қатор хорижий ҳукуматлар Ливияни қўллаб-қувватлашини билдирди. Жазоир, Миср, Эрон, Тунис, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби бир қанча давлатлар қидирув-қутқарув ишларига ёрдам бериш учун инсонпарварлик ёрдами ва ходимларни юборишга тайёр эканликларини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Марокашда 6,8 магнитудали зилзила содир бўлган ва сўнгги маълумотларга кўра, 2800 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Бу сўнгги юз йил ичида минтақадаги энг кучли зилзила бўлди.