Шимолий Африкадаги Ливия мамлакатида «Даниэль» циклони келтириб чиқарган сув тошқинлари оқибатида минглаб одамлар бедарак йўқолди. Расмийларга кўра, Дерна шаҳрида кучли сув тошқини оқибатида камида 2000 киши ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда Al Jazeera маҳаллий ОАВга таяниб.

Энг катта вайронагарчилик мамлакат шарқидаги Дерна шаҳрида кузатилмоқда.

Қизил ярим ой жамиятининг минтақадаги ёрдам гуруҳи раҳбари душанба куни Дернада ҳалок бўлганлар сони 150 кишини ташкил этганини, аммо рақамлар ортиши кутилаётганини айтганди.

Душанба куни Almasar телеканалига телефон орқали берган интервьюсида Ливия шарқидаги ҳукумат бош вазири Усама Ҳамад Дернада 2000 киши ҳалок бўлгани, минглаб одамлар бедарак йўқолган деб тахмин қилинганини билдирган. Унинг айтишича, Дерна фалокат зонаси деб эълон қилинган.

Шарқий ҳукумат қўмондонлиги остидаги ҳарбий кучлар вакили Аҳмад ал-Мосмари матбуот анжуманида Дернадаги қурбонлар сони 2000 дан ошганини айтган. Унинг сўзларига кўра, 5−6 минг киши бедарак йўқолган.

Шарқий Байда шаҳрида камида 46 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган, деди шаҳар бош тиббиёт маркази раҳбари Абдел-Раҳим Мазек. Тез ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, Ливия шимоли-шарқидаги қирғоқ бўйидаги Суса шаҳрида яна етти киши ҳалок бўлган. Шаҳатт ва Умар ал-Мохтар шаҳарларида яна етти киши ҳалок бўлгани хабар қилинган, дейди соғлиқни сақлаш вазири Уссама Абдулжалил.

Дернада маҳаллий оммавий ахборот воситалари электр энергияси ва алоқа йўқлиги сабабли вазият ҳалокатли эканини ёзмоқда.

БМТнинг Ливия бўйича гуманитар ёрдам координатори Жоржетте Гагноннинг айтишича, дастлабки маълумотларга кўра, ўнлаб қишлоқ ва шаҳарлар селдан жиддий зарар кўрган.

Ливия ҳукумати табиий офат ортидан 3 кунлик миллий мотам эълон қилди.