Президентнинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори имзоланди.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши доирасида:

а) 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • ижобий экологик экспертиза хулосасини олмаган объектларга нисбатан молиялаштириш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш механизми жорий этилади;
  • экологик ҳуқуқбузарлик содир этганларга нисбатан зарарни қоплаш билан бир қаторда, зарар етказилган табиат объектини тиклаш ва унинг муайян муддат даавомида муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти юкланди;

б) сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб:

  • республиканинг узоқ муддатли сув баланси прогнозини юритиш, шу жумладан, уни ҳар йили янгилаш ва сув ресурсларини тежаш дастурларини қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг, кейинчалик эса, босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун кредитлар 10 фоиз ставкада (фоиз ставкаларини субсидиялаш ҳисобига) ажратилиши таъминланади;

в) атмосферага зарарли ташланмалар ҳажмини камайтириш мақсадида халқаро «карбон маркет» тизими доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан барпо этиладиган яшил майдонларни ташкил қилиш харажатларини қисман жалб қилинган грант маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Бунда, барпо этилган яшил майдонлар (яйловларни озуқабоп экинлар билан, қишлоқ хўжалиги ерларини дарахтлар билан қоплаш) бўйича компенсациялар иссиқхона газларини зарарсизлантириш даражасига мутаносиб равишда ажратилади.