Сентябрь ойининг ўртаси бўлишига қарамай, Ўзбекистонда «иқлимий ёз» давом этмоқда, дея хабар қилди Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Ушбу ҳафтанинг охиригача республика ҳудуди бўйича об-ҳаво шароитида деярли ўзгаришлар кутилмайди. Кейинги ҳафтада об-ҳаво ёмонлашиши мумкин, аммо бу қисқа муддатли бўлади.

Ўзбекистонда кузнинг бошланиши иқлим шароитига кўра тақвим саналарига мос келмайди. Сентябрь ойи тақвим бўйича куз ойи деб ҳисобланса-да, лекин ёз фасли каби ҳали ҳам асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво, фақат ёзга қараганда қулайроқ ҳарорат фони устун туради, дейилади агентлик хабарида.

Иқлимшунос олимларнинг фикрича, Ўзбекистонда куз аслида ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати +20 даражадан пастга тушганда бошланади. Кўп йиллик иқлимий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати сентябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида +20 даражадан пастга тушади, аммо ой охиригача ушбу қийматга яқин бўлиб туради.

Сентябрь ойида ёғингарчилик йилнинг энг қуруқ ойи — август ойига нисбатан бироз кўп бўлади. Ҳудуднинг катта қисми бўйича ойлик ёғингарчилик миқдори кам бўлиб, 2−5 мм ни ташкил этади, жанубда ва чўл ҳудудларда эса ундан ҳам кам бўлади.

Октябрь ойида кунлар қисқара бошлаганда, ҳарорат пасайиши сезиларли бўлганда, ёмғир тез-тез ёққанда ҳақиқий куз бошланади, дея таъкидлайди Ўзгидромет.

Сентябрь ойидаги об-ҳаво шароити ҳар доим ҳам иқлимий, яъни ўртача кўп йиллик шароитларга мос келмайди. Айрим йилларда ёғингарчилик меъёрдан 2−3 марта кўп ёки ойнинг ўртача ҳарорати меъёрдан 1−1,5 даражага паст бўлади. Аммо бундай сентябрь ойлари кам, ўртача ҳар 6−8 йилда бир марта кузатилади.

Октябрда ва, айниқса, ноябрда ўртача ҳаво ҳарорати янада юқори тезликда пасайишда давом этади. Ёғингарчилик тез-тез ва кўпроқ миқдорда бўлади. Ноябрь ойида ва камдан-кам ҳолларда октябрь ойида ҳарорат салбий қийматларгача пасаяди ва ёғингарчилик нафақат ёмғир шаклида, балки қор шаклида ҳам ёғади.

Ўзбекистонда куз ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати +5 даражагача пасайганга қадар давом этади. Ҳудуднинг катта қисмида бу тақвим саналарига мос бўлиб, ноябрь ойининг энг охирида содир бўлади. Бироқ республиканинг шимолида «иқлимий куз» ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида тугайди. Энг чекка жанубда эса деярли декабрь ойининг охиригача ўртача кеча-кундузлик ҳарорат +5 даражадан юқори бўлиб қолади.