Ўзгидромет маркази 11 сентябрь куни Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида кузатилган кучли шамоллар, чанг-тўзон ва чанг-ғубор юзасидан расмий ахборот эълон қилди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Таъкидланишича, Кавказ худудида ҳафта давомида шаклланган салқин ва нисбатан нам ҳаво оқимлари Каспий денгиз орқали республиканинг шимолий-ғарбий ҳудудларига, 11 сентябрда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига кириб келди.

«Ғарбий оқим фронти мамлакатнинг кўпчилик ҳудудларида баъзи жойларда шамол тезлиги 13−17 м/с гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 20 м/с кучайишига олиб келди. Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида шамол чанг-тўзон билан қайд этилди, кўринувчанлик 500−2000 метргача ёмонлашди», — дейилади хабарда.

Куннинг иккинчи ярмида фронтал булутли чизиқ Тошкентнинг ғарбий туманларига яқинлашди. Соат 15:05 дан 16:00 гача Тошкентда шамол тезлиги 10−12 м/с гача кучайиши кузатилди. Шамол ернинг қуриган юзасидан чанг зарраларини кўтарди, бу эса ҳавонинг ҳиралашишига ва кўринувчанлик 1400 метргача ёмонлашишига сабаб бўлди.

Тошкентда атмосфера ҳавосидаги PM10 майда заррачаларининг миқдори 1322 мкг/м3 ни ташкил этди, бу рухсат этилган қийматдан 2,4 марта кўп; PM2,5 219 мкг/м3 майда заррачаларининг миқдори БССТ талабларидан 43 марта кўп бўлди.

Тошкентда чанг-ғубор 11 сентябрь куни ва кечаси давомида сақланиб туради.