Ўзбекистон бўйича 1,7 мингга яқин маҳаллада криминоген вазиятни яхшилаш вазифаси турибди. Бу ҳақда 8 сентябрь куни бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг Ўзбекистон аҳолисига эълон қилган мурожаатномасида айтилган.

Мурожаатномада қайд этилишича, 2023 йилнинг ўтган даврида 4 мингдан зиёд маҳаллаларда жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Лекин бу даврда олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 45 фоиздан ортиғи бевосита маҳаллаларда содир этилгани таъкидланди.

«Айни пайтда мамлакат бўйича 1,7 мингга яқин маҳаллада криминоген вазиятни яхшилаш — кечиктириб бўлмайдиган вазифамиздир. Шу боис, ҳар бир ҳудудда маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, солиқ инспектори ва ижтимоий ходимдан иборат бўлган «маҳалла еттилиги»нинг фаолият самарадорлигини ошириш чораларини кўрамиз», — дейилган унда.

«Ҳозирги вақтда оғир ва ўта оғир жиноятлар нисбатан кўпроқ содир этилган 716 та маҳаллага Бош прокуратура ва вилоят прокуратураларининг раҳбар ходимлари бириктирилиб, вазиятни ўнглаш бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Албатта, йил якунига қадар маҳаллаларда тинчликни таъминлаш борасидаги барча ишлар мувофиқлаштириб борилади ва криминоген вазиятни яхшилашга эришилади», — дейилади мурожаатномада.

Шунингдек, бош прокурор сўнгги уч йилда кибержиноятчилик қарийб 25 баробар ошган, фуқароларнинг катта миқдордаги пуллари онлайн тарзда ўғирланган.