1 октябрдан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг 8 сентябрь куни қабул қилинган оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида белгиланди.

Қуйидагиларни назарда тутувчи оналар саломатлигини муҳофаза қилишнинг такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж тизими жорий қилинади:

а) бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида «тиббиёт бригадалари»:

  • ўзларига бириктирилган ҳудудларда ҳомиладор аёлларни аниқлайди, уларни ҳисобга олиш ва даврий тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этади;
  • туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг «Аёллар маслаҳатхонаси» бўлими билан биргаликда ҳомиладор аёллар ҳолатини доимий мониторинг қилиб боради ҳамда хавф омиллари аниқланганда марказнинг ҳудудий филиалларига юборади;
  • туғуруқдан кейинги даврда она ва боланинг даврий патронажини олиб боради ҳамда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш чораларини кўради;
  • репродуктив ёшдаги аҳоли ва ҳомиладор аёллар ўртасида тиббий маданият, касалликлар профилактикаси ва соғлом оилани режалаштириш бўйича тарғибот ишларини олиб боради;

б) Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий филиаллари:

  • хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий текширувдан ўтказади, уларни даволайди ҳамда зарур ҳолларда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига йўналтиради;
  • никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда чақалоқларни молекуляр тиббий-генетик текширувлардан ўтказади;
  • ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди;
  • соғлом оилани режалаштириш ҳамда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширади.

Шунингдек, марказ:

  • ҳомиладор аёллар ва янги туғилган болалар скрининги бўйича ихтисослаштирилган ҳамда юқори технологик диагностика ва даволаш амалиётларини жорий этади;
  • акушерлик-гинекология, тиббий-генетик маслаҳат, соғлом оилани режалаштириш, молекуляр-генетик текширув, пластик ва эстетик гинекология, ёрдамчи репродуктив технологиялар хизматларини ташкил этади.

Республика перинатал маркази эрта туғуруқ хавфи бўлган ҳомиладорларга, шунингдек, муддати етмасдан (22−28 ҳафталик) туғилган чақалоқларга барча турдаги тиббий хизматлар кўрсатади.

Шу билан бирга, 2023−2027 йилларда туғуруқ ўринлари сони жами 4321 тага оширилади.

1 октябрдан бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасаларида мутахассисларни жорий этилаётган янги тизим бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.

2024 йил 1 октябрдан ҳар йили 100 тагача имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга ёрдамчи репродуктив технологиялар усуллари муваффақиятли қўлланганда ушбу амалиётни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.

Шунингдек, қуйидагилар 2026 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади:

  • тасдиқланган дастурлар доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича четдан олиб кириладиган юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реагентлар, зарур материаллар, дори воситалари ва болалар учун махсус озиқ-овқат маҳсулотлари;
  • фенилкетонурияга чалинган болалар учун Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган махсус озиқ-овқат маҳсулотлари.

Қарор билан шунингдек, Оналар ва болалар ҳамда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурга кўра, ҳомиладор аёллар уй варақасини рақамлаштириш ва амалиётга жорий этиш назарда тутилган.