Украина мудофаа вазири Олексий Резников истеъфога чиқиши муносабати билан президент Владимир Зеленский томонидан мудофаа вазири лавозимига Давлат мулклари жамғармаси раҳбари Рустем Умеров номзодининг таклиф этилиши жаҳон ҳамжамияти ва кенг жамоатчилик эътиборини тортди.

Президент Зеленский ўз видеомурожаатида депутатлар Умеров номзодини маъқуллашига ишонч билдирар экан (охир-оқибат шундай бўлди ҳам), «парламент бу шахсни яхши билади ва жаноб Умеров қўшимча таништирувга муҳтож эмас», дея таъкидлади. Мамлакат фаоллари, собиқ ҳукумат амалдорлари ва давлат арбоблари Зеленскийнинг бу қарорини «моҳирона қадам», деб баҳолади.

Уруш қизғин паллага кирган, айни пайтда, мамлакат мудофаа вазирлиги коррупция билан боғлиқ кескин айбловлар остида қолган оғир вазиятда собиқ ишбилармон, қрим-татарлар ҳуқуқлари бўйича активист, сиёсатчи, энг асосийси, «фаолиятида коррупция билан боғлиқ можаролар кузатилмаган» Рустем Умеров мазкур лавозимга энг муносиб номзод дея таърифланаётганди. Рустем Умеров иқтисод-молия соҳасидаги билимлари ва узоқ йиллик таржибаси, ўз раҳбарлик тамойиллари ва маҳоратини ишга солиб, вазирликда бошқарув тизимини такомиллаштириши, шаффофликни таъминлаши ва унга нисбатан жамият ишончини қайта тиклашига умид билдирилмоқда.

Мазкур қарорини маълум қилиш асносида Украина давлат раҳбари эндиликда вазирлик «янги ёндашувлар ҳамда ҳарбийлар ва умуман жамият билан ўзаро мулоқотнинг бошқа форматлари»га муҳтож эканлигини таъкидлаган. Шунингдек, президент бош офиси раҳбари Андрей Ермакнинг маслаҳатчиси Сергей Лешченко «жамият орасида нозик мавзулар юзасидан мулоқотни яхшилаш» ва «ишончни қайта тиклаш» раҳбариятни ўзгартиришни тақозо қилганини қайд этди.

Лешченко, шунингдек, Умеровнинг қрим-татар миллатига мансублигига ишора қилиб, бу Украинанинг Россияга Қрим яримороли масаласида «муросага ўрин йўқлиги» ҳақидаги «сигнали» эканлигини эслатиб ўтди.

Қолаверса, Умеров халқаро платформаларда Зеленскийнинг «тинчлик формуласи»нинг энг фаол тарғиботчиларидан бири сифатида эътироф этилади.

«Газета.uz» Украинанинг бўлғуси мудофаа вазири — этник келиб чиқиши қрим-татар миллатига мансуб бўлган, асли Самарқанднинг Булунғур туманида таваллуд топган — украиналик ишбилармон ва сиёсатчи Рустем Умеров ҳақидаги энг эътиборга молик маълумотларни бир материалга жамлади.

Ҳаёти ва бизнесдаги фаолияти

Рустем Умеров — аждодларининг ватани 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яримороли бўлган сунний мусулмонларнинг туркий гуруҳи — қрим-татар миллатига мансуб.

Иккинчи Жаҳон уруши даврида қрим-татарлар нацистлар билан ҳамкорликда асоссиз айбланган ва 200 мингга яқин қрим-татарлар ҳамжамияти бир кечада узоқ ўлкаларга сургун қилинган. Хусусан, 1944 йилда Сталин буйруғи билан Қримдан Ўзбекистонга депортация қилинган 180 минг қрим-татар орасида Умеровлар оиласи ҳам бор эди.

Рустем Умеров 1982 йилда Самарқанд вилояти Булунғур туманида Қримнинг Алушта шаҳридан сургунга учраган мусулмон муҳожирлар оиласида туғилган. Отаси Энвер Умеров — муҳандис-технолог, онаси Мерйем Умерова — кимёвий муҳандис.

1980-йилларнинг охири — 1990-йилларнинг бошларида амалга оширилган қрим-татарларнинг репатриацияси пайтида, Рустем оиласи билан ота юрти — Қримга қайтган. Элита мактаб-интернатида таҳсил кўрган Рустем бешта тил: украин, татар, рус, турк ва инглиз тилларида мулоқот қилиш кўникмасига эга бўлган полиглот бўлиб етишади. Олий маълумотни Украинада олади. Айни пайтда маълумотига кўра Киев Миллий бошқарув академиясининг иқтисодиёт бўйича бакалавр ва молия бўйича магистр даражасига эга.

Рустем Умеров 1998 йилда АҚШ Давлат департаменти томонидан юритилувчи «Келажак етакчилари алмашинуви дастури» (Future Leaders Exchange Program) доирасида бир йил АҚШда ўқиган. Ўқишни тамомлаганидан сўнг «Европа ёшлар парламенти»га (European Youth Parliament) қабул қилинган.

У ўз фаолиятини 2004 йилда хусусий секторда — Украинанинг етакчи уяли алоқа операторларидан бири Lifecell компаниясида бошлаган. 2004−2007 йилларда GSM/TDMA тармоғини ривожлантириш департаментида сайтни бошқариш ва юридик қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, 2007−2010 йилларда харидлар, логистика, шартномаларни бошқариш бўлими бошлиғи сифатида фаолият олиб борган. 2010 йилда савдо ва мижозлар билан ишлаш бўлимига раҳбарлик қилган. Худди шу йили у ISG Investments компаниясида бошқарувчи директор сифатида фаолият бошлаган. 2011 йилда эса iCapital компаниясида худди шу лавозимни эгаллаган.

2013 йилда Рустем Умеров акаси Аслан Ўмер Қримли билан биргаликда ASTEM инвестиция компанияси ва компания ҳузуридаги ASTEM жамғармасига асос солган. ASTEM — алоқа, ахборот технологиялари ва инфратузилма соҳаси инвестицияларини бошқаради. ASTEM жамғармаси эса Стэнфорд университетининг «Украина янги лидерлари дастури»ни (Ukrainian Emerging Leaders Program) молиялаштиради.

Рустем Умеров — Қрим Украина таркибида қолиши йўлида мунтазам кураш олиб бораётган қрим-татар элитаси ёш авлоди вакили. Украинада қрим-татарлар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича активист сифатида танилган Умеров 2007—2019 йилларда Қрим-татарлари мажлиси раҳбари Мустафо Жемилевга маслаҳатчилик қилган. 2012 йилда у «Қрим халқаро бизнес уюшмаси»га ҳаммуассислик қилган ва бошқарув кенгашидан жой олган. 2021 йилда эса халқаро форматда Қрим тақдирини муҳокама қилиш мақсадида тузилган „Қрим платформаси“ уюшмасига ҳамраис сифатида сайланган. „Россия пропагандистлари мамлакатимиз ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларини оқлаш учун украин халқини этник гуруҳларга бўлиш ҳақидаги чўпчакни ўйлаб топишди“, — деган эди Умеров Иорданиянинг AmmanNet ахборот сайтига берган интервьюсида. — Биз (Украинада) миллатимиз ёки динимизга нисбатан ҳеч қандай шовинизм ёки исломофобияни ҳис қилмаймиз».

Шунингдек, у Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси доимий делегацияси раҳбари ўринбосари.

Турли соҳаларда эришган муваффақиятларидан келиб чиқиб, Умеровга «яхши дипломат», «турли контекстларга мослашишга қодир», «муаммолардан холи одам» деб таъриф беришади. Рустем Умеров 2021 йилда Украинанинг III даражали «Хизматлари учун» («За заслуги») ордени билан тақдирланган. Уйланган, уч фарзанднинг отаси.

Сиёсий майдондаги фаолияти

Рустем Умеровнинг сиёсий фаолияти 2019 йилда бошланган.

2019−2022 йилларда у ислоҳотчи мухолифат партияси — Holos («Овоз»)дан сайланган Украина халқ депутати сифатида фаолият олиб борган. 2020 йилда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги «Қрим ва Севастополни деоккупация қилиш бўйича давлат стратегияси»ни ишлаб чиқишга масъул этиб тайинланган ишчи гуруҳига қўшилган.

Рустем Умеровнинг 2022 йил феврали — Украинага Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан кейинги даврдаги фаолияти ҳам диққатга сазовор. Хусусан, 2022 йил июль ойида у мамлакатда амал қилаётган ҳарбий ҳолат вақтида халқаро моддий-техник ёрдамни қабул қилиб олиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш бўйича Муваққат тергов комиссияси раиси этиб тайинланган.

2022 йил 7 сентябрдан Рустем Умеров давлат активларини хусусийлаштиришга масъул агентлик — Давлат мулклари жамғармасига раҳбарлик қила бошлади. Умеровнинг унгача коррупция билан боғлиқ можаролардан боши чиқмай келган муассасани ушбу иллатдан тозалаш ва сақлаб қолиш йўлидаги хизматлари юқори даражада эътироф этилади. У, шунингдек, давлат активларини сотиш ишларини янги босқичга кўтарди ва уруш даврида давлат бюджетига рекорд даражадаги даромад келтирди. Хусусан, маълумотларга кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида Украина Давлат мулклари жамғармаси хусусийлаштиришдан 1,82 млрд гривна (49 млн доллар) даромад олди — бу сўнгги 10 йилликдаги рекорд натижа.

Рустем Умеровни яқиндан билганлар уни истеъдодли музокарачи сифатида таърифлайди. Уруш бошланганидан кейин Украина ва Россия ўртасида ўтказилган қатор тинчлик музокаралари ва асирлар алмашинуви жараёнларида Умеров фаол иштирок этиб келмоқда.

Хусусан, 2022 йил февралида у Россия билан Украина учун хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартнома лойиҳасини тайёрлаш ва маъқуллаш бўйича ўтказилган музокараларда Украина делегацияси таркибида бўлган. 2022 йил мартида Истанбулда бўлиб ўтган Россия-Украина музокараларида — Украина Россияга тинчлик сулҳида Қрим масаласини ҳал этиш таклифини киритган вақтда — Украина делегацияси таркибидан Умеров ҳам бор эди. Шунингдек, у Қора денгиздаги ғалла келишуви ва асирлар алмашинуви, жумладан, 2022 йилда Мариуполь шаҳри учун жангларда асирга олинган Украинанинг Азов жангчилари бўйича музокараларда ҳам иштирок этди. Умеров ғалла бўйича келишувга эришишда асосий роль ўйнаган музокарачилардан бири сифатида: «Мен сафсата сотиш учун бу ерда эмасман. Мен мамлакатни сақлаб қолишни истайман», — деган эди Le Monde француз газетаси билан суҳбатда.

2022 йил 3 мартида бўлиб ўтган музокараларнинг уч иштирокчиси, шу жумладан, Рустем Умеров заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Айни пайтда музокараларда норасмий иштирок этган россиялик олигарх Роман Абрамович ҳамда исм-шарифи номаълум бўлган жараённинг бошқа бир иштирокчиси ҳам заҳарланган.

Bellingcat лойиҳаси тергов гуруҳига кўра, ўша кеча музокаранинг заҳарланганликда гумон қилинган иштирокчиларида заҳарланишнинг дастлабки аломатлари (кўз ва терининг яллиғланиши, кўзда санчиқли оғриқ) кузатилган. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, аломатлар катта эҳтимол билан номаълум кимёвий қуролдан заҳарланиш билан боғлиқ бўлган. Шунга қарамай, ҳаётга хавф туғдирадиган даражада зарар етказиш учун етарли бўлмаган дозадаги токсин — катта эҳтимол билан зарар етказиш учун эмас, қўрқитиб қўйиш мақсадида — ишлатилган.

Умеров ўзининг заҳарлангани тўғрисидаги хабарларни даставвал рад этган, кейинроқ тасдиқлаган. Мазкур ҳодисадан кейин Умеров музокарачилар сафини бир муддатга тарк этган.

Умеров май ойида Владимир Зеленскийнинг Саудия Арабистонига ташрифи чоғида делегация аъзоси бўлган. Шунингдек, март ойида БААга ташриф чоғида биринчи хоним Олена Зеленскага ҳамроҳлик қилган.

Умеровни масъулиятли вазифа кутмоқда

Мамлакат Мудофаа вазирлиги атрофида юз берган сўнгги воқеалар фонида вазирлик жамият ишончини йўқотди. Йил бошида Украина матбуоти вазирлик амалдорлари аскарлар учун харид қилинадиган озиқ-овқат ва кийим-кечакларининг сунъий оширилган нархларидан манфаатдор эканлигини даъво қилган эди. Шу билан бир қаторда, вазирликка қўшинларни сафарбар қилиш жараёни билан боғлиқ коррупцион хатти-ҳаракатлар айблови ҳам қўйилган. Хусусан, бир қатор шахслар ҳарбий хизматга чақирилмаслик учун айрим масъулларга пора бергани, қолаверса, аскарларни хизматга жалб қилиш учун ҳаддан ташқари куч ишлатиш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар ортидан август ойи бошида Украина давлат раҳбари Мудофаа вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишдан бўшатди.

Таъкидлаш жоизки, собиқ мудофаа вазири Олексий Резниковнинг коррупцион ҳаракатларга шахсан алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай тахминлар илгари сурилмаган ва у вазирликни тарк этганидан сўнг Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси лавозимини эгаллаши кутилмоқда. Шунингдек, ишдан олинган мансабдор шахсларга нисбатан ҳеч қандай даъво очилмаган.

Эндиликда мудофаа вазири сифатида Рустем Умеров зиммасига вазирликни коррупцион амалиётлардан тозалаш ва унга нисбатан кенг жамоатчилик ишончини қайта тиклашдек масъулиятли вазифа юклатилади. Қолаверса, ҳарбий стратегия ва жанговар ҳаракатлар учун Зеленский қўмондонлиги остидаги Украина армияси бош штаби масъул бўлишига қармай, қурол-яроғ таъминоти ва қўшинларни сафарбар қилишда мудофаа вазирлиги ҳал қилувчи роль ўйнайди. Украинанинг собиқ иқтисодиёт вазири Тимофий Миловановга кўра, Умеров мудофаа соҳасидаги давлат харидларига бўлган ишончни тиклаш билан бир қаторда янги ҳарбий технологияларни ўзлаштиришни тезлаштириши зарур. Ғарб иттифоқчиларини кўпроқ қурол етказиб беришга ундаш Умеров фаолиятининг асосий қисми бўлиб қолиши мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мусулмон сиёсатчи Рустем Умеровнинг Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған, шунингдек, қатор Ўрта Шарқ давлатлари ва Ғарб иттифоқчи давлатлари билан яқин алоқаларга эгалиги айтилади. Уруш ҳаракатлари вақтида Украинага мусулмон давлатларидан турли кўринишдаги ёрдамларнинг етказиб берилишида Умеров асосий фигура бўлиб хизмат қилган.

Умеров Forbes нашрига берган интервьюсида Россия билан урушда фақат Украина ғалаба қозониши мумкинлигини таъкидлаган эди: «Урушда ғалаба қозонганимиздан сўнг биз, иттифоқчиларимиз билан биргаликда, Россия тақдирини ҳал қиладиганлар сафида бўламиз. Бу жараёнда Украина етакчи ролга эга бўлиши керак».