Тошкент шаҳри Чилонзор туманида машинадан 27 ёшли эркак мурдаси топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Қайд этилишича, 31 август соат тахминан 18:00 ларда 1996 йилда туғилган Б.А. эркак яшаш манзилидан ўз бошқарувидаги қора рангли Gentra автомашинасида чиқиб кетиб, бедарак йўқолган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Чилонзор тумани, Бунёдкор кўчасидаги футбол спорт майдони ҳудудида жойлашган автотураргоҳда Gentra автомашинаси ичида бедарак йўқолган эркакнинг мурдаси бош юз қисми бир неча қатлам полиэтилен пакет билан ўралган ҳолда топилган.

Мазкур ҳолатда эркакнинг мурдаси шубҳали ҳолда аниқлангани ва бир қатор дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказмасдан туриб қонуний тўхтамга келиш имкони мавжуд эмаслигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.