Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан мактаб ўқувчилари учун Қизил китоблар чоп эттирилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Қизил китоблар жами 40 000 нусхада бўлиб, республикадаги барча умумтаълим мактабларига тарқатилмоқда. Хусусан, бугунга қадар Хоразм вилоятида 2000 та, Сирдарё вилоятида 1250 та, Жиззахда 2050 та, Навоийда 1400 та, Қашқадарё вилоятида эса 4000 та китоб ўқувчилар қўлига етиб борди.

Вазирлик таъкидлашича, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда ҳам ўқувчилар Қизил китоб билан таъминланади.

«Мақсад ёш авлодда экологик онг ва маданиятни шакллантириш, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ўргатишдир», — дейилади вазирлик хабарида.