Франция ҳукумати мактабларда мусулмонларнинг анъанавий узун либоси — абайя кийишни тақиқлайди. Бу ҳақда миллий таълим ва ёшлар ишлари бўйича вазир Габриэль Атталь маълум қилди, деб ёзди Le Monde. Тақиқ 4 сентябрда бошланадиган янги ўқув йилидан кучга кириши кутилмоқда.

«Мактабларда энди абайя кийиш мумкин бўлмайди. Сиз синфга кирганингизда, ўқувчиларнинг динини уларга шунчаки бир қараб аниқлай олишингиз керак эмас», — деди Атталь.

Мазкур қарор бир неча ой давом этган мунозаралардан сўнг қабул қилинди. Мамлакат мактабларида абайя кийиш ҳолатлари кўпайган, ўқитувчилар ва ота-оналар ўртасида зиддият кучайган, деб таъкидлайди нашр.

Франция Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-май оралиғида мактабларда дунёвийлик тамойилларига дахл қилиш бўйича 280 дан 625 тагача мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг аксарияти диний кийимларни кийиш ёки рамзлардан фойдаланиш билан боғлиқ.

Мамлакатдаги кўплаб мусулмонлар ассоциацияларини бирлаштирувчи Франция Мусулмонлар эътиқоди кенгаши абайя ўз-ўзидан диний кийим эмаслигини, балки араб маданияти билан боғлиқ кийим предметини акс эттиришини қайд этди.

«Мактабларда ўқувчилар ва ўқитувчилар учун, уларнинг эътиқодидан қатъи назар, барча узун кўйлакларни кийиш бутунлай тақиқланмагунича айнан абайяга қаратилган чора-тадбирларни дискриминация ва ўзбошимчалик тузоғига тушмаган ҳолда амалга ошириб бўлмайди», — дейилади The New York Times эълон қилган кенгаш баёнотида.

2004 йилдан бери Францияда мактабларда диний рамзлар ёки кийимларни кийишни тақиқловчи дунёвийлик тўғрисидаги қонун амал қилади. Буларга исломий кийимлар, яҳудий кипалари (бош кийим) ёки насронийлик хочлари киради.

Шунингдек, мамлакат расмийлари 2010 йилда юзни ёпувчи ҳижобни жамоат жойларида кийиб юришни тақиқлаганди.