Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни ишга тушган Давлат божхона қўмитасидаги Божхона расмийлаштируви маркази фаолияти билан танишди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бинода маълумотларни қайта ишлаш маркази, масофавий электрон декларациялаш пости, Call-марказ, таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ташкил этилган. Ахборот тизими хорижий давлатлар, Ўзбекистон вазирлик ва идоралари, ташқи иқтисодий фаолият вакиллари, авиакомпаниялар маълумотлари билан интеграция қилинган.

Ишни ташкил этишда тадбиркорларнинг таклифлари ҳам инобатга олинган. Маълумотларни қайта ишлаш маркази амалдаги захирага нисбатан ўн баробар катта ҳажмли серверлар, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган, дейилади хабарда.

Бу алоқа каналлари тезлигини 5 баробарга ошириш ва расмийлаштирув вақтини 2 баробарга қисқартиришни таъминлайди. Бутун тизим киберҳужумлардан ҳимояланган.

Масофавий электрон декларациялаш постида дастлабки босқичда Тошкент шаҳри тадбиркорлари масофадан туриб юборадиган божхона юк декларацияларини тезкорлик билан расмийлаштириш йўлга қўйилди. Кейинчалик бу билан республикадаги барча расмийлаштирув жараёнларини қамраб олиш режалаштирилган.

Call-марказ`да божхона органларининг 11−08 ишонч телефони ҳамда қўмита веб-сайти орқали келиб тушаётган мурожаатларга жавоб берилади.

Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимида тезкор тузилмалар томонидан божхонанинг 50 та, Жаҳон божхона ташкилотининг 3 та ахборот дастури, 30 дан ортиқ идоралар ва хорижий божхоналарнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, хавф-хатарлар баҳоланади ва барча божхона постлари фаолияти масофадан бошқарилади.

«Cоҳа рақамлаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви вақти ўртача 2 баробарга қисқарди. Масалан, шу вақт экспорт йўналишида 2017 йилда 5 соат 42 дақиқа бўлган бўлса, 2023 йилда 30 дақиқани ташкил этмоқда. Импорт товарларининг 80 фоизи ва экспорт товарларининг 89 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Божхона юк декларацияларини сунъий интеллект ёрдамида автоматик расмийлаштириш ҳажми ҳам оширилмоқда», — дейилади хабарда.

«Бу шароитлар, натижалар, албатта, одамни қувонтиради. Лекин рақамлаштириш шундай жараёнки, бир жойда чекланиб қолмайди. Соҳада қилинган ишлардан кўра, қилиниши керак бўлган вазифалар кўп. Шунинг учун қулайликларни мунтазам ошириб бориш зарур. Тизим фаолиятига тадбиркорлар баҳо бериши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари импорт таркибининг таҳлили асосида маҳаллий тадбиркорларга таклиф бериш, божхона ҳудудида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Ходимларнинг моддий-ижтимоий шароитларини яхшилаб, тизимни коррупциядан холи соҳага айлантириш вазифасини қўйди.