23 август куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Winrock International халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти вакиллари ўртасида халқаро ишчи учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Йиғилиш якунида USAID ИИВ ва унинг ҳудудий бўлинмаларига умумий қиймати қарийб 50 минг долларга тенг офис жиҳозлари (компьютерлар, ноутбуклар, принтерлар, проектор ва девор экранлари)ни топширди. Улар одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона марказлаштирилган ахборот базасининг самарали фаолият юритишини таъминлаш мақсадида тақдим этилди.

Ягона марказлаштирилган ахборот базасига одам савдоси жабрдийдаларига кўрсатилаётган ёрдам хизматлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритилади. Ушбу маълумотлар қўллаб-қувватлаш хизматларидаги камчиликларни аниқлашга ва одам савдосидан жабрланганлар учун хизматларни яхшилаш бўйича далилларга асосланган тавсияларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.

usaid, иив

«Ушбу дастур амалиётчиларга тизимдан самарали фойдаланиш учун зарур кўникма ва билимларни беради. Бугун биз амалиётчиларнинг маълумотлар базасида таҳлилий воситалардан фойдаланишга пухта тайёргарлик кўришлари учун ўқув машғулотларини ҳам ўтказмоқдамиз», — деди Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия масъул котиби, ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Наримон Рахимов.

Мазкур ёрдам Winrock International халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти филиали томонидан амалга оширилаётган «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» (MICA) лойиҳаси доирасида тақдим этилди.