Эслатма: материалда судланувчиларнинг исмлари ўрнига бош ҳарфлар ишлатилган, чунки суд айбланувчиларнинг шахслари ОАВда кўринмаслиги ва уларнинг исмлари кўрсатилмаслиги ҳақидаги адвокатларнинг илтимосини қаноатлантирган. Биз аввалроқ адвокатлар баъзи ОАВларни айбсизлик презумпцияси тамойилини бузганликда айблагани ҳақида ҳам ёзгандик. Суд, шунингдек, жараённи онлайн трансляция қилишни тақиқлади. Қайд этиш жоиз, судланувчиларнинг тўлиқ исмлари Олий суд веб-сайтида мавжуд.

Камида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясига тегишли дорилари юзасидан Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтаётган суд мажлисида адвокатлар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари С.К.ни саволга тутди.

Дарё нашрининг ёзишича, адвокатлардан бири собиқ раҳбардан «Док-1 Макс» сиропи қонуний рўйхатдан ўтказилиб, лаборотория текширувларидан ўтганида ундаги заҳарли моддани аниқлаш имкони бормиди?" дея сўради.

Собиқ мансабдор эса бу саволга «Йўқ, барибир шу натижа чиқар эди», дея жавоб қайтариб, заҳарли модда аниқланмасдан қолиши мумкинлигини тан олди. «Лобаратория синови тасдиқланган норматив ҳужжатлар асосида ўтказилишини инобатга олиб айтсак, барибир ўша натижа ўша натижа бўларди», — деди С.К.

Адвокат эса «Лаборатория текширувида ҳам сиропдаги заҳарли моддани аниқлаб бўлмасди, шундайми?», дея аниқлаштирувчи савол берди. «Йўқ, чунки лобаратория ҳам тасдиқланган норматив ҳужжатлар асосида текширади», — деди судланувчи.

Жавобдан сўнг адвокат савол беришда давом этди: «Демак, исталган ишлаб чиқарувчининг дориси билан яна шундай ҳолат юз бериши мумкин. Яъни дори қонуний олиб кирилсада, лаборатория текшируви тасдиқланган ҳужжатларга кўра ўтказилиб, барибир иккиламчи моддалар аниқланмай қолиб кетиши мумкин десак бўладими?»

«Хоҳлаган соҳангиздаги ишлар кимдирлар тасдиқлаган тартиб ва режа бўйича ўтказилади, масалан мана шу суд мажлиси ҳам белгиланган регламент бўйича бўлиб ўтади. Худди шундай бизнинг соҳада ҳам кириб келаётган дорилар экспертларга берилади, экспертлар халқаро тажриба асосида текширади. Шу занжир кетади», — деди у.

Собиқ мансабдорнинг тушунтиришича, дори ишлаб чиқарувчи белгиланган тартиб бўйича дори ишлаб чиқаради. Яъни бу ҳолатни қайси давлат бўлса, ундаги экспертлар гуруҳи белгилаб беради. Ишлаб чиқарувчи эса айнан ўша тартиб бўйича дори ишлаб чиқаради. Ҳамда шу дорининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тасдиқлайди.

«Биздаги марказ экспертга тушгач, эксперт ана шу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқарувчи тўғри ёки нотўғри, халқаро стандартлар асосида қилганми, шуни аниқлаб, тасдиқлаб беради. Ва шу асосий ҳужжат бўлиб қолади», — дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари С.К.

Эслатиб ўтамиз, ССВ ҳузуридаги Республика суд тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари хулосаларига кўра, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» (сироп) дори воситаларини истеъмол қилган 65 нафар бола ўлимига мазкур дори воситалари таркибидаги этиленгликол ва диетиленгликол ёт моддаларидан заҳарланиш сабаб бўлган. Доридан заҳарланган болаларда ўткир буйрак етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги келиб чиққан.

2023 йилнинг январида Фармацевтика агентлиги Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига препаратлар партиясида этиленгликоль борлиги, бу тиббий қоидаларда белгиланган меъёрдан 300 баравар юқори эканлиги ҳақида маълум қилганди. Бунинг ўрнига унинг таркибида пропиленгликоль (бактерицид таъсирга эга озиқ-овқат қўшимчаси) бўлиши керак эди, дейилади хатда.

Судда айбланувчиларнинг таъкидлашича, «Док-1 Макс» сиропи Ўзбекистонга дастлаб 2012 йил олиб кирилган. 2021 йил 22 октябрь куни «Док-1 Макс» сиропини рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг муддатини узайтириш учун Давлат марказига ариза топширилган. Ҳужжатларда сиропни ишлаб чиқарувчи Marion Biotech Pvt.Ltd компаниясининг GMP сертификати муддати 2021 йил 24 октябрь куни тугаши қайд этилган бўлган.

Суд жараёнидан тайёрланган бошқа репортаж ва хабарларни қуйидаги ҳаволалар орқали ўқишингиз мумкин: