Расмий Пекин Хитойнинг йўлига тўғаноқ бўлиш учун АҚШ ўзининг барча имкониятларини ишга солади, деган фикрда. Вашингтон эса Хитой дунёнинг етакчи қудрати сифатида АҚШни сиқиб чиқаришга уринаётганига қатъий ишонади.

The Economist нашри яқинда эълон қилган мақоласида тобора чуқурлашиб бораётган ушбу зиддият ва бу икки йирик қудрат ўртасидаги потенциал урушнинг олдини олиш имкониятлари тўғрисида америкалик нуфузли дипломат, тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Генри Киссинжернинг мулоҳазаларини улашди. «Газета.uz» мазкур мақоланинг энг диққатга сазовор нуқталарини ўз ўқувчилари эътиборига ҳавола қилади.

Генри Киссинжер — XIX аср дипломатияси бўйича йирик олим, АҚШ миллий хавфсизлиги бўйича давлат маслаҳатчиси ҳамда котиби, шунингдек, сўнгги 46 йил давомида монархлар, президентлар, бош вазирларга маслаҳатчи ва эмиссар сифатида фаолият юритган. Қолаверса, у узоқ йиллик фаолияти, кузатувлари ва тажрибасига таяниб, ташқи сиёсат, дипломатия, дунё тартиби сингари мавзулардаги бир қатор китоблар ва мақолаларга муаллифлик қилган. Шу йилнинг 27 майида жаноб Киссинжер 100 ёшни қаршилади. The Economist талқинича, дунёда бирор шахс йўқки, халқаро муносабатларда Генри Киссинжердан кўпроқ тажрибага эга бўлса.

ақш, генри киссинжер, россия, хитой

Генри Киссинжер. Фото: AP

Шу йил апрель ойининг охирида The Economist нашри Генри Киссинжер билан Хитой ва Америка ўртасидаги рақобат чинакам урушга айланиб кетишининг олдини олиш имкониятлари хусусида саккиз соатдан ортиқ давом этган суҳбат уюштирди. Суҳбат давомида жаноб Киссинжер «ҳар икки куч қарши тарафнинг стратегик хавф туғдиришига ўз-ўзини ишонтириб бўлганлиги»га оид хавотирларини билдиради.

«Биз буюк кучлар қарама-қаршилиги остонасида турибмиз»

Генри Киссинжер Хитой ва Американинг технологик ва иқтисодий устунлик учун тобора кучайиб бораётган ўзаро рақобатидан хавотирда. Ҳатто Россия Хитой орбитасига тушиб қолган, Европанинг шарқий қанотига уруш соя солаётган бир пайтда ҳам, жаноб Киссинжерни сунъий интеллект Хитой-Америка рақобатини чуқурлаштириб юбориши кўпроқ ташвишга солади. Бутун дунёда кучлар мувозанати ва урушнинг технологик асослари шунчалик тез ва кўп жиҳатдан ўзгариб бормоқдаки, эндиликда мамлакатлар тартиб ўрнатиш учун ҳеч қандай қатъий белгиланган тамойилларга эга эмас. Агар шундай тамойиллар топилмас экан, улар куч ишлатишга ўтишлари мумкин. «Биз Биринчи Жаҳон урушидан олдинги классик вазиятдамиз», — дейди жаноб Киссинжер. Унинг қайд этишича, бундай вазиятда ҳеч бир томон сиёсий жиҳатдан ён беришга тайёр эмас ва «мувозанатнинг ҳар қандай бузилиши ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин».

Жаноб Киссинжер ўзининг ҳаётий ва профессионал тажрибасига таяниб, ҳар қандай ҳалокатли можаронинг олдини олишнинг ягона йўли — умумий қадриятлар билан мустаҳкамланган совуққон дипломатия эканлигига ишонч ҳосил қилганини таъкидлайди. Унинг фикрича, инсоният тақдири АҚШ ва Хитой қай даражада муросага кела олишига боғлиқ. Бунинг учун уларнинг ихтиёрида, сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши фонида, фақатгина беш-ўн йил вақт бор холос.

Жаноб Киссинжернинг ёш раҳбарларга берадиган илк маслаҳати — ўз ўрни, ҳолатига холисона баҳо бериш. Шу нуқтаи назардан, унинг фикрича, Хитойда тобора кучайиб бораётган нотинчликни таҳлил қилиш урушнинг олдини олишда дастлабки қадам бўлиши мумкин. Хитойлик мутафаккирларнинг аксарияти Америка тушкунлик бўсағасида эканлигига, айнан шу нуқтаи назардан, тарихий эволюция натижасида Хитой охир-оқибат АҚШни сиқиб чиқаришига ишонади.

Жаноб Киссинжерга кўра, Ғарб сиёсатчилари глобал қоидаларга асосланган тартиб хусусида сўз юритганида, бу Хитой раҳбарияти томонидан маъқулланмаслигига сабаб — улар буни Америка қоидалари ва Америка тартиби сифатида талқин қилишидир. Ғарб томонидан Хитойга муайян шартлар асосида берилиши мумкин бўлган имтиёзлар борасида таклиф қилинган келишув Хитой раҳбарлари наздида камситувчи ҳарактерга эга ва ҳақоратомуз — улар ўсиб бораётган қудрат сифатида, мазкур имтиёзлар уларга тўғридан-тўғри тегишли бўлиши лозим, деб ҳисоблашади. Дарҳақиқат, Хитойда баъзилар Америка Хитойни қачондир ўзига тенг деб ҳисоблашига шубҳа билан қарайди, шундай бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи аҳмоқлик, деб ҳисоблайди.

Шунга қарамай, жаноб Киссинжер Хитойнинг амбицияларини нотўғри талқин қилишдан ҳам огоҳлантиради. Вашингтон Хитой дунё ҳукмронлигини хоҳлайди, деган фикрда. Бироқ, Хитой қудратли давлат бўлишни истайди, холос. Хитой Гитлер Германияси сингари дунё ҳукмронлигига интилмайди, у хаёл қилган ёки қилаётган дунё тартиби — бу эмас. Нацистлар Германиясида уруш муқаррар эди, сабаби — бу Адольф Гитлерга керак эди, дейди жаноб Киссинжер. Бироқ, Хитой — бошқа масала. Мао Цзэдундан бошлаб кўплаб Хитой раҳбарлари билан учрашган жаноб Киссинжернинг фикрича, уларнинг мафкураси ҳамиша ўз мамлакатлари манфаатлари ва имкониятларини чуқур ҳис қилиш билан боғлиқ бўлиб келган.

ақш, генри киссинжер, россия, хитой

Генри Киссинжер Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан, Пекин, 2023 йил 20 июль. Фото: China Out / AFP

Жаноб Киссинжер Хитой тузуми асосида марксизмдан кўра кўпроқ конфуцийлик ётади, деб ҳисоблайди. Бу Хитой раҳбарларини ўз мамлакати имкониятлари доирасидаги максимал қудратга эришишга ва эришган ютуқлари учун ҳурматга сазовор бўлишга ундайди. Хитой раҳбарлари халқаро тизимда ўз манфаатларини ҳимоя қилувчи якуний ҳакам сифатида тан олинишни истайди. Жаноб Киссинжернинг фикрича, Хитой чинакам устунликка эришган тақдирида ҳам буни «Хитой маданиятини сингдириш даражасига» олиб келмайди. Қолаверса, у АҚШ «дипломатия ва куч-қудрат уйғунлигида бундай вазият юзага келишининг олдини олиш учун етарли салоҳиятга эга» эканлигига ишонади.

Хитойнинг амбициялари муаммосига Американинг табиий жавобларидан бири — бу, икки куч ўртасида мувозанатни қандай сақлаш мумкинлигини аниқлашнинг бир йўли сифатида, уни синовдан ўтказиш. Яна бири — Хитой ва Америка ўртасида доимий мулоқот ўрнатиш. Жаноб Киссинжернинг қайд этишича, Хитой «глобал роль ўйнашга уринмоқда». Бу ўринда стратегик роль тушунчасининг мос келиш-келмаслиги мунозарали. Бордию мос келмаган тақдирда, куч масаласи ўртага чиқади. «Хитой ва АҚШ бир-бирлари билан кенг қамровли уруш таҳдидисиз бирга яшай олишлари мумкинми? Мен буни мумкин деб ҳисоблаганман, ҳозир ҳам шундай», — дейди жаноб Киссинжер. Бироқ, бу борада муваффақият кафолатланмаганлигини ҳам тан олади. «Шундай экан, муваффақиятсизлик [юз берган тақдирда, вазият]ни барқарорлаштириш учун ҳарбий жиҳатдан етарлича кучли бўлишимиз зарур».

«АҚШ Тайвандан ўзининг бошқа жойлардаги мавқеига путур етказмаган ҳолда воз кечиши осон эмас»

Айни пайтдаги энг долзарб масала — Хитой ва Америка Тайвань масаласида қандай йўл тутиши. Жаноб Киссинжер 1972 йили АҚШ президенти Ричард Никсоннинг Хитойга илк ташрифи чоғида фақат Мао Цзэдун орол бўйича музокаралар олиб бориш ваколатига эга бўлганини эслайди. «Никсон ҳар сафар муайян бир масалани ўртага ташлаганида, Мао „Мен файласуфман. Бундай масалалар билан шуғулланмайман. Келинг, буни Чжоу [Энлай] ва Киссинжер муҳокама қилақолсин,“ дерди… Бироқ Тайвань ҳақида гап кетганда, у жуда очиқ гаплашган. „Улар бир тўда аксилинқилобчилар. Айни пайтда бизга улар керак эмас. Биз 100 йил кутишимиз мумкин. Бир кун келиб биз уларнинг ўзларидан сўраймиз. Бироқ, бунга ҳали узоқ вақт бор“, деган эди у».

Жаноб Киссинжернинг таъкидлашича, Никсон ва Мао ўртасида тузилган келишув шу 100 йилдан атиги 50 йил ўтиб Доналд Трамп томонидан бекор қилинди. У Хитойдан савдо-сотиқ бўйича имтиёзларни тортиб олиб, қаттиққўллик борасида ўз имиджини оширмоқчи эди. Сиёсатда Байден маъмурияти ҳам собиқ президент Трамп раҳбарлигига эргашди, бироқ либерал риторика билан.

Жаноб Киссинжер Тайванга нисбатан бу йўлни танламаган бўларди, чунки у ерда Украина услубидаги уруш оролни вайрон қилиб, жаҳон иқтисодиётини издан чиқаради. Уруш Хитойни мамлакат ичкарисида ҳам тараққиётда ортга қайтариб юбориши мумкин — ҳозирда мамлакат раҳбарларининг энг катта қўрқуви ҳам айнан ички ғалаёнлар бўлиб қолмоқда.

Уруш қўрқуви умидга замин яратади. Муаммо шундаки, ҳеч бир томонда ён бериш имконияти йўқ. Ҳар бир Хитой раҳбари ўз мамлакатининг Тайвань билан алоқадорлигини қатъий тасдиқлаб келади. Шу билан бирга, «ҳозир вазият қандай ривожланмасин, АҚШ Тайвандан, ўзининг бошқа жойлардаги мавқеига путур етказмаган ҳолда воз кечиши осон эмас».

Жаноб Киссинжер бу боши берк кўчадан чиқиш йўлини, ўз лавозимидаги тажрибасига таянган ҳолда, қуйидагича тавсифлайди. Даставвал, ўзаро муносабатларда қизиққонликни пасайтириш, кейин эса аста-секин ўзаро ишонч ва иш муносабатларини ўрнатиш зарур. АҚШ президенти хитойлик ҳамкасбига ўзининг барча эътирозларини санаб ўтириш ўрнига, шундай дейди: «Жаноб президент, айни пайтда тинчлик учун иккита энг катта таҳдид — биз иккимиз. Инсониятни йўқ қилиш қудратига эга эканлигимиз нуқтаи назаридан». Хитой ва АҚШ ҳеч бир нарсани расман эълон қилмаган ҳолда, вазминлик йўлига ўтади.

Ҳеч қачон сиёсатни белгилаб берувчи бюрократиянинг ишқибози бўлмаган жаноб Киссинжер бир-бири билан осон мулоқотга киришиш имконига эга бўлган, вазминлик билан бирга ишловчи кичик маслаҳатчилар гуруҳини кўришни хоҳлайди. Иккала томон ҳам Тайванга нисбатан ўз позициясини тубдан ўзгартирмайди, бироқ АҚШ ўз кучларини қандай жойлаштириш хусусида бош қотиради ва оролнинг мустақиллигини қўллаб-қувватлаши тўғрисидаги шубҳа-гумонларни кучайтирмасликнинг пайида бўлади.

Жаноб Киссинжернинг ёш раҳбарларга берадиган иккинчи маслаҳати: «Одамларни эргаштира оладиган мақсадлар қўйинг. Ушбу мақсадларга эришиш учун тавсифлаш мумкин бўлган воситаларни топинг». Тайвань — бу икки йирик қудратнинг умумий тил топиши мумкин бўлган ва шу тариқа глобал барқарорликни қўллаб-қувватлайдиган бир нечта соҳаларнинг биринчиси бўлиши мумкин.

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен яқинда қилган нутқида иқлим ўзгариши ва иқтисодиёт айнан шундай соҳалар қаторида бўлиши лозимлигини таъкидлади. Жаноб Киссинжер буларнинг ҳар иккисига шубҳа билан қарайди. Гарчи у иқлим бўйича «ҳамма учун» ҳаракати тарафдори бўлса-да, дунёнинг бу икки қудратли давлати ўртасида ўзаро ишонч ёки мувозанатни ўрнатиш учун иқлим масаласи етарли даражада ёрдам бермаслиги мумкин. Иқтисодиёт масаласидаги таҳдид шундан иборатки, савдо кун тартиби Хитойга ривожланиш учун мутлақо имкон қолдиришни истамайдиган «шоқоллар» томонидан эгаллаб бўлинган.

«Ҳаммаси ёки ҳеч нарса» қабилидаги муносабат янада кенгроқ миқёсда кучсизланишга йўл очувчи таҳдиддир. Агар Америка Хитой билан ҳамжиҳатликда яшаш йўлини топиш истагида бўлса, Хитойда режим ўзгаришини мақсад қилмаслиги керак. Айрим америкаликлар мағлуб этилган Хитой демократик ва тинч бўлади, деб ҳисоблашади. Жаноб Киссинжер Хитойнинг демократик давлат бўлиши тарафдори эканига қарамай, ҳозирда бундай натижага олиб келадиган ҳеч бир асос кўрмаётганини таъкидлайди. Унинг фикрича, коммунистик тузумнинг қулаши, катта эҳтимол билан, мамлакатда фуқаролар урушига олиб келади ва бу, ўз навбатида, мафкуравий тўқнашувга айланиб, глобал беқарорликка ҳисса қўшади.

АҚШ бу борада Хитойнинг ўз манфаатлари мавжуд эканлигини тан олишига тўғри келади. Украина воқеаси бунга яхши мисол.

«Хитой ва Россия — табиий иттифоқчилар эмас»

Хитой президенти Си Цзиньпин ўтган йилнинг феврали — Россия Украинага бостириб кирганидан бери биринчи марта яқинда украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Кўпчилик бу мулоқотни Хитой Россия билан яқин иттифоқдош эканидан норози бўлаётган европаликларни тинчлантириш учун қилинган беҳуда ишора сифатида эътиборсиз қолдирди. Жаноб Киссинжер эса буни уруш атрофидаги дипломатияни мураккаблаштирувчи, шунга қарамай АҚШ ва Хитой ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун имкон яратиши мумкин бўлган жиддий ирода кўрсатилиши сифатида баҳолайди.

Жаноб Киссинжер Украина мисолини таҳлил қилар экан, шундай дейди: «Бу [Украинадаги уруш], охир-оқибат, шубҳасиз Путин қабул қилган қарорнинг ҳалокатли хатоси эди». Бироқ, бу ўринда Ғарб ҳам айбсиз эмас. «Украинанинг НАТОга аъзолиги масаласини очиқ қолдириш, менинг назаримда, жуда нотўғри қарор бўлган». Бу вазиятни беқарорлаштирди, чунки НАТОнинг ҳимоя қилиш тўғрисидаги ваъдаси, айни пайтда буни қандай амалга ошириш юзасидан ҳеч бир аниқ режага эга эмаслиги, Украинани аксинча ҳимоясиз қолдирди. Бу нафақат Путин, балки унинг кўплаб ватандошларини ҳам ғазаблантириши муқаррар эди.

ақш, генри киссинжер, россия, хитой

Генри Киссинжер Россия президенти Владимир Путин билан, 2007 йил. Фото: EPA / Сергей Чириков

Эндиги вазифа — зиддиятнинг кейинги босқичига замин яратмасдан туриб, урушни тугатишдан иборат. Жаноб Киссинжер Россия 2014 йилда босиб олган ҳудудлардан имкон қадар воз кечиши тарафдори, бироқ реал воқелик шундан иборатки, Россия ҳар қандай вазиятда ҳам, энг камида, Севастополни (Қримдаги энг йирик шаҳар ва Россиянинг Қора денгиздаги асосий ҳарбий-денгиз базаси) сақлаб қолиши мумкин. Россия эришганларининг баъзиларидан воз кечиб, баъзиларини ўзида сақлаб қолишини назарда тутувчи бундай келишув Россияни ҳам, Украинани қаноатлантирмайди.

Унинг фикрича, Украинада кечаётган уруш келажакдаги қарама-қаршилик учун замин яратиши мумкин. Ҳозир Европа Украина билан боғлиқ хатарни юқори баҳолаб, уни НАТОда кўришни истамайди. Айни пайтда уни энг илғор қуроллар билан таъминлаши эса Украинани Европадаги «энг яхши қуролланган», шу билан биргаликда, «раҳбарлик борасида стратегик жиҳатдан энг кам тажрибага эга бўлган» давлатга айлантиради.

Европада барқарор тинчлик ўрнатиш учун ҳозир Ғарбдан иккита қадам талаб қилинади. Биринчиси, Украинанинг НАТОга қўшилиши — уни тийиб туриш ва ҳимоя қилиш воситаси сифатида. Иккинчиси, Европа учун Россия билан яқинлашув тадбирларини ишлаб чиқиш — барқарор шарқий чегарани яратиш йўли сифатида.

Аксарият Ғарб давлатлари бу мақсадларнинг бири ёки бошқасидан бош тортиши тушунарли. Россиянинг иттифоқчиси ва НАТОнинг рақиби сифатида Хитой иштирок этган тақдирда, вазифа янада қийинлашади. Хитой Россиянинг Украинадаги урушдан дахлсиз чиқиб кетишидан устун манфаатдор. Россиядаги потенциал таназзул Марказий Осиёда «Сурия типидаги фуқаролар уруши» билан тўлдирилиши мумкин бўлган «ҳокимият бўшлиғини» яратиши эҳтимоли юқори эканлиги нуқтаи назаридан Хитойни ташвишга солади.

Си Цзиньпиннинг Зеленский билан мулоқотидан сўнг, жаноб Киссинжер Хитой Россия ва Украина ўртасида воситачилик позициясини эгаллашга уринаётган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Америка ва Хитойни Совет Иттифоқига қарши қўйган сиёсат меъморларидан бири сифатида у Хитой ва Россия яхши ҳамкорлик қила олишига шубҳа билан қарайди. Улар АҚШ масаласида ҳамфикр бўлиши мумкин, бироқ уларда бир-бирига нисбатан инстинктив ишончсизлик бор. Хитой ва Россия — табиий иттифоқчилар эмас.

Хитой Украина масаласида ўз миллий манфаатлари ифодаси сифатида дипломатияга киришди, дейди жаноб Киссинжер. Гарчи Россиянинг йўқ қилинишига қарши туришни истамаса ҳам, Хитой Украина мустақил давлат бўлиб қолиши кераклигини тан олади ва ядро қуролидан фойдаланишдан огоҳлантиради. Хитой ҳатто Украинанинг НАТОга кириш истагини ҳам қисман қабул қилиши мумкин. «Чунки у АҚШ билан тўқнаш келишни хоҳламайди», дейди жаноб Киссинжер.

«Мисли кўрилмаган ҳалокатлар дунёсида яшаяпмиз»

Хитой ва Америка мулоқот ўрнатиши лозим бўлган иккинчи соҳа — бу сунъий идрок. «Биз машиналар глобал ўлат ёки бошқа пандемияларни келтириб чиқариши, нафақат ядровий, балки инсоният ҳалокатининг ҳар қандай соҳасига замин яратиши мумкин бўлган йўлнинг бошида турибмиз», дейди у.

Унинг эътироф этишича, ҳатто сунъий интеллект бўйича мутахассислар ҳам унинг қудрати қай даражада бўлиши ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас. Бироқ, яқин беш йил ичида сунъий интеллект хавфсизлик соҳасида асосий омилга айланади. Жаноб Киссинжер унинг бузғунчи ҳарактерга эга бўлган салоҳиятини XVI-XVII асрлардаги ҳалокатли урушларга ҳисса қўшган ғояларнинг кенг ёйилишига сабаб бўлган матбаа ихтироси билан таққослайди.

«Мисли кўрилмаган ҳалокатлар дунёсида [яшаяпмиз]», дея огоҳлантиради жаноб Киссинжер. Компьютерлар модель яратишида инсон кўмаги ва иштирокини назарда тутувчи human-in-the-loop таълимоти мавжуд эканига қарамай, автоматик ва тўхтатиб бўлмайдиган қуроллар яратилиши мумкин. «Ҳарбий тарихга назар ташласангиз, айтиш мумкинки, география ва аниқлик борасидаги чекловлар сабабли барча рақибларингизни йўқ қилиш ҳеч қачон мумкин бўлмаган. [Энди] ҳеч қандай чекловлар йўқ. Ҳар қандай рақиб 100 фоиз ҳимоясиз».

Сунъий интеллект бекор қилиниши мумкин эмас. Шундай экан, Хитой ва АҚШ унинг кучидан ҳарбий жиҳатдан тийиб турувчи восита сифатида фойдаланишлари зарур. Бироқ, улар, шунингдек, қурол-яроғ назорати бўйича музокаралар ядровий қурол таҳдидини чеклагани каби, сунъий интеллект келтириб чиқариши мумкин бўлган таҳдидни чеклаш имкониятига эга. Жаноб Киссинжернинг фикрича, Хитой ва АҚШ технологияларнинг ҳар икки томонга таъсири юзасидан мулоқотга киришиши лозим. Бу борадаги музокараларнинг ўзи ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ёрдам бериши мумкин ва бу уларга ўзаро муносабатда вазминликни қўллаш имконини беради. Бунинг сири шундаки, раҳбарлар сунъий интеллект ўз имкониятларининг максимал чегараси даражасида қўлланилмаслиги кераклигини тушунадиган даражада кучли ва ақлли. «Агар сиз фақатгина куч-қудрат орқали эришишингиз мумкин бўлган нарсага таянсангиз, дунёни йўқ қилиб юборишингиз мумкин».

Жаноб Киссинжернинг ёш раҳбарлар учун учинчи маслаҳати — барча нарсани, у нима бўлишидан қатъий назар, ички мақсадлар билан боғлаш. АҚШ учун бу кўпроқ прагматик бўлишни ўрганиш, етакчилик фазилатларига эътибор қаратиш ва, энг асосийси, мамлакат сиёсий маданиятини янгилашни англатади.

Жаноб Киссинжернинг прагматик фикрлаш борасидаги модели — Ҳиндистон. Бу ташқи сиёсатда мамлакатнинг йирик кўп томонлама тузилмаларга боғлиқ бўлишидан кўра, аниқ масалаларга йўналтирилган, доимий бўлмаган иттифоқларга таянишни назарда тутади.

Жаноб Киссинжернинг фикрича, муаммо ахлоқий тамойилларнинг — ҳатто улар исталган ўзгаришларга олиб келмаса ҳам — кўп ҳолларда манфаатлардан устун қўйилишидан келиб чиқади. У инсон ҳуқуқлари муҳимлигини тан олади, бироқ уларнинг сиёсатга асос қилиб олиниши мақсадга мувофиқ эмас. Бундаги фарқ — мажбурлаш ёки бу муносабатларга таъсир қилади, деб айтиш ўртасида, бироқ — қарор қилиш ҳар кимнинг ўз ихтиёрида қолиши лозим.

«Биз Суданда [уларни мажбурлашга] уриндик», дейди у. «Мана, энди Суданни кўринг». Дарҳақиқат, тўғри деб ҳисобланган бирор ишни амалга оширишнинг мажбурлаш усули — бу шунчаки сиёсатнинг оқибатларини ўйлашга лаёқатсизликни оқлаш учун баҳона бўлиши мумкин. Жаноб Киссинжернинг таъкидлашича, дунёни ўзгартириш йўлида куч ишлатмоқчи бўлган одамлар, кўп ҳолларда идеалистлардир, гарчи одатда реалистлар куч ишлатишга тайёр, деб ҳисобланса ҳам.

Ҳиндистон — Хитойнинг ўсиб бораётган қудратига асосий қарама-қарши куч. Шунга қарамай, унда диний муросасизлик, суд ишига аралашувлар ва матбуотни чеклаш кўрсаткичлари ёмонлашмоқда. Жаноб Киссинжер тўғридан-тўғри изоҳ бермаган бўлса-да, хулоса қилиш мумкинки, Ҳиндистон масаласи Америка прагматик бўла оладими ёки йўқ, деган саволга жавоб бўлиши мумкин. Бошқаси — Япония. Агар жаноб Киссинжер башорат қилганидек, Япония яқин беш йил ичида ядровий қуролга эга бўлиш учун ҳаракат қилса, муносабатлар кескинлашади. XIX асрда қайсидир жиҳатлардан тинчликни сақлаб қолишга ҳисса қўшган дипломатик манёврларни эсга олар экан, у Осиёдаги кучлар мувозанати ҳақида стратегик фикр юритишда АҚШга ёрдам бериш учун Британия ва Францияга мурожаат қилади.

Етакчиликда ўз ишининг усталарига муҳтожмиз

Жаноб Киссинжернинг фикрича, етакчилик ҳам муҳим аҳамиятга эга. У ҳамиша алоҳида шахслар қудратига ишониб келган. Раҳбарлик мамлакатнинг сиёсий маданиятини акс эттиради.

Жаноб Киссинжер Американинг қадр-қиммати ҳақидаги умумий тасаввур йўқолиб бораётганидан, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятида мутаносиблик ва мулоҳазакорлик етишмаётганидан ташвишда.

Энг ёмони эса сиёсатнинг ўзи. Ҳозир турли партиялар вакиллари ўртасида дўстона муҳит етишмайди. «Менимча, Трамп ва ҳозир Байден [ўзаро адоватни] чўққига олиб чиқди», дейди жаноб Киссинжер. У вазият зўравонликка ва етакчиликнинг етишмаслигига олиб келишидан хавотирда. «Мен Байден илҳомлантира олади деб ўйламайман ва… Республикачилар яхшироқ бошқа бировни топишига умид қиламан», дейди у.

Унинг фикрича, Америка узоқ муддатли стратегик фикрлашга жуда муҳтож. Америка сиёсатида стратегик фикрлаш етишмаган тақдирда, «муваффақиятсизлик ҳақидаги башоратлар» тўғри бўлиб чиқиши мумкин.

У инсоният улкан ютуқларга эришганини таъкидлайди. Тўғри, бу тараққиёт кўп ҳолларда даҳшатли тўқнашувлардан сўнг — 30 йиллик уруш, Наполеон урушлари ва Иккинчи Жаҳон урушидан кейин содир бўлган, бироқ Хитой ва Америка ўртасидаги рақобат бошқача бўлиши мумкин. Тарих шуни кўрсатадики, бундай турдаги икки куч бир-бирига тўқнашганда, одатий натижа ҳарбий можародан иборат бўлади. «Бироқ, муқаррар ҳалокат ва сунъий интеллект сабабли бу одатий ҳолат бўлмайди», — дейди жаноб Киссинжер.

Унинг қайд этишича, Европа, Хитой ва Ҳиндистон иштирокидаги қоидалар асосида дунё тартибини яратиш мумкин. Бу эса нисбатан яхши, энг камида, фалокатсиз якунга замин яратиши ва инсоният олдинга силжиши эҳтимоли мавжуд.

Бу бугунги қудратли давлатлар раҳбарларининг вазифаси. «Иммануил Кант „тинчлик ё инсонга хос ўзаро тушуниш орқали, ёки қандайдир фалокат туфайли ўрнатилади“, деган эди», дейди жаноб Киссинжер.

Шундай экан, жаҳон етакчилари зиммасига катта масъулият юкланади. Бу келажакдаги хавф-хатарларга қарши туриш учун реализмни, ечим ўз мамлакатлари кучлари ўртасидаги мувозанатга эришишда эканлигини кўришни ва ўзларининг ҳужумкор кучларини максимал даражада ишлатишдан тийилишни талаб қилади. «Бу мисли кўрилмаган чақириқ ва буюк имконият», дея таъкидлайди жаноб Киссинжер. Инсоният келажаги улар қай даражада бунинг уддасидан чиқа олишига боғлиқ.