Германия ҳукумати 23 август мамлакатда яшовчи хорижликлар келажакда осонроқ ва тезроқ фуқаролик олишини таъминлайдиган қонунни маъқуллади, дея хабар бермоқда Deutsche Welle. Мазкур қонунни Бундестаг ҳам маъқулланиши керак бўлади.

Ҳужжатга кўра, Германия паспортини Германияда 5 йил яшаган ҳолда (ҳозирги 8 йил ўрнига) олиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, фуқаролик «махсус интеграция ютуқлари»ни намойиш этган инсонларга 3 йилда ҳам берилиши назарда тутилган (ҳозир 6 йил). «Махсус интеграция ютуқлари» деганда немис тилини яхши билиш, волонтёрлик ишларида фаол иштирок этиш ёки юқори профессионал сифатларга эга бўлиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, фуқароликка даъвогарлар бошқа паспортларидан воз кечиши талаб этилмайди. Илгари Германия фуқаролигини олишда бошқа фуқароликни сақлаб қолишга фақат истисно ҳолларда рухсат берилган ва бу кўпинча қизғин ички сиёсий тортишувлар мавзусига айланган.

Шунингдек, ирқчилик ёки антисемитизм билан боғлиқ жиноятларни содир этганлар Германия фуқаролигини ололмайди. Қонунда, шунингдек, Германия фуқаролигига даъвогарлар ўзлари ва оила аъзоларини мустақил равишда таъминлаши ва давлат ижтимоий нафақаларига муҳтож бўлмаслиги керак экани белгилаб қўйилган.

Ислоҳотлар орқали федерал ҳукумат, биринчи навбатда, Германияни малакали ишчилар учун янада жозибадор қилишни хоҳлаяпти.

«Биз аллақачондан бери жамиятимизнинг бир қисми бўлган инсонлар ҳам мамлакатимизни демократик йўл билан шакллантиришда иштирок этишларини истаймиз. Чунки бизнинг демократиямиз барча иштирок этаётгани учун гуллаб-яшнамоқда. Бизнинг демократиямиз уни ҳимоя қиладиган ва янада кучайтирадиган одамларга муҳтож», — дея изоҳ берди ислоҳотларга Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер.