KPMG халқаро аудиторлик компанияси Ўзбекистондаги электрон тижорат бозори 2027 йилга бориб 6−7 бараварга кенгайишини прогноз қилди. Компания ўз ҳисоботида бозорнинг кенгайишига таъсир қилувчи омиллар ва тўсиқларни санаб ўтди.

Ўзбекистон чакана савдо бозори 2022 йил 31 декабрь ҳолатига 14 млрд долларга баҳоланди. 2027 йил якунигача бу кўрсаткич 19,6 млрд долларга етиши кутилмоқда. Электрон савдо бозори 2022 йил 31 декабрь ҳолатига жами чакана савдо бозорининг 2,2 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2027 йил якунларига бориб 9 фоиздан 11 фоизгача оралиқда шаклланиши кутилмоқда. Яъни 1,8−2,2 млрд доллар бўлиши, ўсиш темпи 2022−2027 йиллар давомида 41,4−47,4 оралиғида бўлиши прогноз қилинган.

Мамлакат аҳолиси 36 млн 372 минг нафарни (2023 йил 1 июль) ташкил этади ва аҳолининг 40 фоизи — 14 млн 393 минг нафари 15−39 ёшда. Мамлакатдаги одамларнинг 23 млн 533 минг нафари интернетдан фойдаланади. Аҳоли орасида банк хизматлари қамрови 49 фоизни, интернет қамрови 77 фоизни ташкил этмоқда.

Электрон тижорат бозорида энг кўп техника ва электроника билан савдо амалга оширилмоқда. Кейинги ўринларда кийим ва аксессуарлар, уй учун керакли буюмлар, овқат ва ичимликлар, соғлиқ ва гўзаллик учун керак бўладиган шахсий воситалар турибди.

kpmg, ўзбекистон, электрон тижорат

2027 йилга бориб мамлакатда интернет қамрови даражаси 87 фоизга етиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда электрон тижорат бозори ўсиши учун яхши имконият мавжуд. Биргина 2018−2022 йиллар оралиғида электрон тижоратнинг умумий чакана савдо бозоридаги улуши 0,6 фоиздан 2,2 фоизгача ўсди. Лекин, шунга қарамасдан, мазкур кўрсаткич минтақадаги бошқа давлатлар (Қозоғистон — 9 фоиз, Россия — 20 фоиз), шунингдек, нисбатан кўпроқ ривожланган мамлакатлардан (АҚШ — 26 фоиз, Хитой — 31 фоиз, Жанубий Корея 44 фоиз) анча ортда.

kpmg, ўзбекистон, электрон тижорат

Электрон тижорат бозори ўсишига қуйидаги омиллар таъсир қилиши кутилмоқда:

  • Интернет қамрови ва тезлиги ошиши — бунинг натижасида кўпроқ одамлар онлайн харид платформаларига кира олади.
  • Одамларнинг смартфонлардан фойдаланиш имконияти ошиши ва мобил банкинг тизимидаги ютуқлар — бу рақамли транзакцияларни осонлаштиради, харидорлар электрон савдо жараёнига жалб этилишини янада қулайроқ қилади.
  • Хуфиёна иқтисодиёт билан курашнинг давом эттирилиши — бу инвесторларда хотиржамликни ошириши ва электрон тижорат секторига ижобий таъсир ўтказиши, бозор ҳажмининг ўсишига олиб келиши кутилмоқда.
  • Иқтисодиётдаги нақд пулсиз тўловлар улушининг ўсиши учун ҳаракат қилиниши — Ўзбекистон нақд пулсиз тўловлар улуши бўйича қўшни ва ривожланган мамлакатлардан ортда ҳисобланади. Бу ўз-ўзидан мамлакатда рақамли тўлов усулларининг мослашувчанлигини рағбатлантириш орқали электрон тижорат бозорида ўсишига эришиш имконияти мавжудлигини англатади.

Айни пайтда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда нақд пулсиз тўловларнинг умумий тўловлардаги улуши қуйидагича:

kpmg, ўзбекистон, электрон тижорат

KPMG прогнози бўйича электрон тижорат бозори 2027 йил якунигача 6−7 марта ўсиши кутилмоқда.

kpmg, ўзбекистон, электрон тижорат

Электрон тижорат бозори ўсиши учун имкониятлар

Таклиф томонида ўсиш кузатилиши учун имкониятлар қуйидагилар:

Бўлиб тўлаш

Тўловларни бўлиб-бўлиб амалга ошириш имконияти Ўзбекистонда электрон тижоратнинг драйвери бўлиб хизмат қилиши мумкин. Харидорларга бўлиб тўлашга рухсат бериш орқали компаниялар кенгроқ мижозлар оқимига, шу жумладан, тўловни биттада амалга ошириш имконига эга бўлмаган мижозларни жалб қилишга эришиши мумкин.

Буюртмалар частотасини ошириш

Электрон тижорат Ўзбекистондаги иқтисодиёт ўсгани сари бизнесларга каттароқ миқёсда ишлашга имкон беради. Кенг ассортиментдаги маҳсулотларни таклиф этиш орқали тадбиркорлар харидорларга турли нарх категорияларини таклиф этиши ва ўртача буюртма қийматини ошириши мумкин бўлади.

Харидорлар базасининг кенгайиши ва рақобатнинг ошиши

Ўзбекистонда электрон тижорат бизнесларга харидорлар базасини маҳаллий даражадан кенгайтириш, рақобатбардошликни ошириш имкониятини бериши мумкин. Бизнеснинг онлайн шаклини йўлга қўйиш орқали тадбиркорлар бозорнинг алоҳида сегментларигача кириб бориши, рақобатчилардан ажралиб туриши ва бу орқали рақобатда устунликка эришиши мумкин.

Электрон тижоратдаги молиявий технологиялар имкониятлари

Ўзбекистондаги ўзгариб бораётган тўлов услублари молиявий технологиялар йўналишида кенгроқ имкониятга эга электрон тижорат компанияларига харидорлар базасини кенгайтириш имкониятини беради.

Талаб томонига имкониятлар:

Рақобатбардош нарх

Ўзбекистонда нисбатан нархга сезувчан бозорга эга. Шунинг учун маҳсулотларни рақобатбардош нархда таклиф қилиш талаб учун муҳим драйвер бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Кенгроқ ассортиментдаги маҳсулотлар

Ўзбекистондаги маҳаллий чакана савдо бозорида маҳсулотлар мавжудлиги ва хилма-хиллигида чекловлар мавжуд. Электрон тижорат платформалари кенг турдаги маҳсулотларни, шу жумладан, халқаро брендлар маҳсулотларини таклиф этиш орқали янада кўпроқ харидорларни — кенгроқ ассортиментдаги товарларни қидираётган одамларни жалб этиши мумкин.

Етказиб бериш тезлиги

Электрон тижорат корхоналарининг муваффақиятида етказиб беришнинг сифатли ва тез экани муҳим омил ҳисобланади. Такомиллаштирилган инвентаризация менежмент тизимларига сармоя киритиш орқали электрон тижорат компаниялари етказиб бериш вақтини қисқартиришга эришиши мумкин.

Мослашувчан тўлов тизимлари

Электрон тўлов тизимларига мослашувчанроқ бўлиш орқали электрон тижорат корхоналари хавфсиз, фойдаланувчилар учун қулай тизимларни яратиши мумкин. Бу орқали эса анъанавий нақд пул орқали тўловлар миқёсидан каттароқ бўлган харидорлар базани жалб этиш мумкин.

Ўзбекистонда электрон тижорат саноатидаги тўсиқлар

Таклиф томонидаги тўсиқлар:

Логистика ва инфратузилма муаммолари

Электрон тижорат маҳсулотларни ўз вақтида етказиб бериш учун самарали логистика ва транспорт тизимларига муҳтож. Инфратузилманинг етарлича самарадор эмаслиги буюртмалар кечикишига ва мижозлар қониқиш даражасининг пасайишига олиб келади. Ўзбекистонда транспорт инфратузилмаси электрон тижорат учун етарлича самарадор ташкиллаштирилмаган бўлиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, харажатлар ва буюртмаларни етказиб бериш вақти ошишига олиб келаётган бўлиши мумкин.

Электрон тижорат инфратузилмасининг чекланганлиги

Мамлакатда рақамли инфратузилма, шу жумладан, интернет қамрови бошқа, иқтисодиёти ўхшаш мамлакатлардагичалик ривожланмаган бўлиши мумкин.

Тўлов тизимларига интеграция ва молиявий хизматлар

Хавфсиз ва ишончли тўлов тизимларига интеграция қилиш таъминотчи учун жуда муҳим масала ҳисобланади, айниқса, вариантлар чекланган шароитда. Бундан ташқари, онлайн тўлов ечимлари мавжудлиги билан боғлиқ муаммолар пул оқимини секинлаштириши мумкин.

Харидорни қўллаб-қувватлаш ва сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш

Ўзбекистонда электрон тижорат учун самарали харидор хизмати инфратузилмасини шакллантириш технологияларга инвестиция киритиш ва малакали персонални талаб қилади. Кичикроқ компаниялар ресурслар чегаралангани туфайли харидорга хизмат кўрсатишнинг онлайн усулларига мослашиш қийин бўлиши мумкин.

Талаб томонидаги тўсиқлар:

Тўлов хавфсизлиги хавотирлари

Тўловлар хавфсизлиги масаласи Ўзбекистонда электрон тижорат ўсишига жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Харидорлар ўзларининг молиявий маълумотларини онлайн тўлдириш давомида маълумотларнинг тарқалиши, фирибгарлик каби омиллардан хавотирга тушиши мумкин.

Харидорлар хулқ-атвори

Ўзбекистонда айни вақтдаги харидор хулқ-атвори жонли бозор қилишга, нақд пул ишлатишга ва технологияларга секин мослашишга мойил. Бу элементлар биргаликда мамлакатдаги бозор қилишнинг миллий ёндашувини ташкил этади ва электрон тижорат ўсишига тўсиқ бўлиши мумкин.

Интернет қамрови чекланганлиги

Интернет қамрови пастлиги туфайли аҳолининг етарлича катта қисмида онлайн алоқалар мавжуд бўлмаслиги мумкин. Бу маркетплейсларни айланиш ва онлайн буюртмалар бериш имкониятини чеклаши ва электрон тижорат корхоналарини потенциал харидорлар базасидан чеклаб қўйиши мумкин.

Рақамли саводсизликнинг кучайиши

Рақамли саводсизлик интернет алоқалари чекланган ҳудудларда ёйилиши мумкин. Баъзи потенциал харидорлар интернет ёки онлайн харид платформаларидан хабардор бўлмаслиги мумкин. Бу уларнинг электрон тижорат операцияларига киришини қийинлаштиради.