Олий Мажлис Сенатининг 24 август куни ўтказилган қирқ тўртинчи ялпи мажлисида «Ер қаъри тўғрисида»ги қонун муҳокама қилиниб, рад этилди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, муҳокамалар жараёнида қонунда долзарб аҳамиятга эга бир қатор масалалар эътибордан четда қолгани айтиб ўтилган.

Хусусан, таклиф этилаётган қонунда ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш ёки тўхтатиб туриш 10 кундан ошмайдиган муддатга амалга оширилиши, қоидабузарликларни бартараф этиш ишларини якунлаш билан боғлиқ бўлган алоҳида ҳолларда, ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш 30 кундан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Бунда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси кўрсатмалари асосида иш олиб борилади.

Бироқ «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддасига асосан, фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш фақат суд тартибида амалга оширилади.

«Бу каби норма нафақат қонунчиликка, балки янги таҳрирдаги Конституциямизнинг тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва дахлсизлигига оид нормаларига ҳам мутлақо зиддир», — дейилади Сенат хабарида.

Шунингдек, қонунда қуйидаги камчиликлар борлиги кўрсатиб ўтилди:

  • Ҳужжатга ер қаърини «кадастр квадратлар»га бўлиш амалиётини жорий этиш ва «Ягона интерактив геологик портали» бўйича қоидалар киритилмаган.
  • Ер қаъридан фойдаланишда экологик ва саноат хавфсизлигини таъминлаш, тоғ-кон қутқарув қисмлари ҳамда очиқ нефть ва газ фонтанларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича хизматлар фаолияти тартиби белгиланмаган.
  • Мазкур соҳада ишга жойлаштириш ва ўқитишга талаблар, рухсатномалар эгаларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мажбуриятлари назарда тутилмаган.

Шуларни инобатга олиниб, қонунни қайта кўриб чиқиш ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳини тузган ҳолда такомилига етказиш кераклиги таъкидланди. Якунда сенаторлар томонидан қонунни рад этиш юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.

Сенат раиси Танзила Нарбаева қонунда масъул органларга суд қарорисиз тадбиркорлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш каби ваколатларнинг тақдим этилиши нормаси амалиётда тўғридан-тўғри коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкинлигига тўхталди.

Қачонки бу иллатга қарши курашиш, унинг вужудга келтирувчи сабабларни бартараф этиш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Бундан ташқари, бу каби норма янги таҳрирдаги Конституциямизнинг тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва дахлсизлигига оид кафолатларга ҳам зиддир, дейди Сенат раиси.