Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қўшма қарори билан боғчалар ва мактаб-интернатлари учун болалар пулини тўлаш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, дея хабар бермоқда Norma.

Ҳужжат билан ватан ҳимояси ва тинчлиги йўлида яраланган, контузия ёки майиб бўлгани оқибатида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг фарзандлари квотадан қатъи назар ота-оналар тўловидан озод қилинади.

Шунингдек, боқувчисини йўқотган аёллар ҳам фарзандлари учун тўлов қилмайди. Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22 августдан кучга кирди.

МТМ учун тўловларда яна кимлар имтиёзга эга?

Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногиронлиги бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек, ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати маҳалла томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномага ва тегишли мактабгача таълим муассасаси ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.

Рўйхат ҳар ўқув йилининг 25 сентябрь кунига қадар тегишли мактабгача таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади. Тўловдан озод қилинган болаларнинг муассасага қатнаши (бўлиши) тўхтаса, бўшаб қолган ўринлар захирадан тўлдириб борилади.