Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 149-мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилингани аниқланди, дея хабар бермоқда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати.

Тумандаги 149-мактаб директори ўқитувчиларни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларига жалб қилган.️ Шу сабабли ташкилот раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 2-қисмига асосан маъмурий жарима (БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача) қўлланган.

Маълумот учун, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунга кўра, ️ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (49,5 млн сўмдан 66 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ё 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши мумкин.