Қашқадарё вилояти Муборак туманида жойлашган Хўжа Равшан обидаси ҳудудидаги дала тадқиқотлари чоғида қатор археологик топилма ва тупроқ қатламлари аниқланди, дея хабар бермоқда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати.

Самарқанд археология институти ходимлари қазиш ишлари мобайнида қишлоқ харобалари орасидан Амир Темур даврига мансуб 4 та хонани топган. Ушбу ёдгорлик ўрнида XIII-XIV асрларда Қаршидан Бухорога олиб борувчи гавжум аҳолига тўла карвон йўли жойлашган бўлган.

Қишлоқнинг бугунги кунда сақланиб қолган қолдиқларининг майдони 30 гектарни ташкил этади. Мутахассисларнинг тахминларига кўра, ўша пайтларда истиқомат қилган овул аҳолиси Чиғатой даврининг сўнггиси ва Амир Темур замонида маданий жиҳатдан анча тараққий этган одамларидан бўлган.

Топилмалар орасида кошин, сирланган сопол, металлдан ясалган хўжалик жиҳозлари ва бошқа ноёб буюмлар бор. Тадқиқотчилар Амир Темур замонида нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам ривожланиш даражаси юқори бўлгани ҳақида дастлабки хулосаларга келган.