22 август куни ОЧЛ саралашининг плей-офф босқичи учрашувлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг икки жамоаси — «Навбаҳор» ва ОКМК Қатарда мос равишда «Ал-Вакра» ва «Ал-Араби» жамоаларига қарши майдонга чиқди. Ҳар иккала ўйин Ўзбекистон жамоаларининг бир хил — 1:0 ҳисобидаги ғалабалари билан тугади.

«Ал-Вакра» — «Навбаҳор» учрашувида асосий вақтда ҳисоб очилмади (80-дақиқада Қатар клуби футболчиси Холид майдондан четлатилди). Наманганликларга ғалаба келтирган ягона гол экстра-таймда — 98-дақиқада Жаҳонгир Абдуманнопов ҳисобига ёзилди (жамоа аъзолари ушбу ғалабани Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг туғилган кунига бағишлаган).

ОКМК эса испаниялик ҳужумкор ярим ҳимоячиси Рубен Санчеснинг 69-дақиқадаги аниқ зарбаси эвазига ғалабани қўлга киритди.

Шу тариқа Наманганнинг «Навбаҳор» ва Олмалиқнинг ОКМК жамоалари бир ўйиндан иборат саралаш ўйинларида ғалаба қозониб, ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Бунгача «Пахтакор» Ўзбекистон чемпиони, «Насаф» эса Ўзбекистон Кубоги соҳиби сифатида гуруҳ босқичига чиқиб бўлганди.

ОЧЛ гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими 24 август, пайшанба куни Тошкент вақти билан 13:00 да Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтади.

ОЧЛ гуруҳ босқичига чиққан клубларнинг қуръа олдидан саватлар бўйича тақсимоти. Иллюстрация: ЎзПФЛОЧЛ гуруҳ босқичига чиққан клубларнинг қуръа олдидан саватлар бўйича тақсимоти. Иллюстрация: ЎзПФЛ

Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон клублари, хусусан, сўнгги вақтларда Криштиану Роналду («Ан-Наср»), Карим Бензема («Ал-Иттиҳод»), Неймар («Ал-Ҳилол») каби жаҳон футболи юлдузларини ўз сафига қўшиб олган Саудия Арабистони жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин олиши мумкин.

Гуруҳ босқичи ўйинлари 18 сентябрь — 13 декабрь саналари оралиғида уй-сафар тизимида ўтказилади.