Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида ўтказилган экологик назорат рейдида 17 туп арчага шикаст етказилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги «Кон» ўрмон бўлимининг «Сувлисой» массиви ҳудудида табиий ҳолда ўсган 6 туп Зарафшон арчаси таг қисмидан кесилган, 11 туп арчанинг эса ён шохлари кесиб ташланган.

ноқонуний дарахт кесиш, экология вазирлиги

Ҳолат юзасидан ўрмон қўриқчиси Р.Ж.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш), 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 3 млн 300 минг сўм жарима қўлланган.

Табиатга етказилган 18 млн 84 минг сўм зарарни ундириш мақсадида ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, туман ўрмон хўжалигига ўтказилган.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жазони кучайтириш бўйича парламент томонидан қабул қилинган қонунни рад этганди. Ҳужжат жарималар миқдори кам бўлгани туфайли рад этилган бўлиши мумкин.