2024 йилдан Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари АҚШ Давлат департаментининг терроризмга қарши ёрдам (АТА) антитеррор дастурининг тактик ўқув курсларида иштирок этади, дея хабар қилди Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) матбуот хизмати.

Мазкур келишувлар ва ўзаро ҳамкорликнинг бошқа масалалари Тошкентда Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Нодир Мусамуҳамедов ва АТА дастури раҳбари Майкл Твининг томонидан муҳокама қилинди.

Шундан сўнг хорижий делегация вакиллари Миллий кинология марказида бўлиб, уларга хизмат итларининг иши намойиш этилди.

Antiterrorism Assistance дастури 1983 йилдан бери амалга ошириб келинмоқда. Шу вақт ичида унда 150 дан ортиқ давлатдан 150 мингдан ортиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлар ходимлари иштирок этган.