Президент 18 август куни «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Унга кўра, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги эндиликда волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Агентлик соҳада давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади. Шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.

Қонун билан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари белгиланди.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш бўйича ваколатлар берилди.

27 июнь куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун муҳокама қилинганди.

5 августда эса қонун сенаторлар томонидан маъқулланган. Сенат раиси Танзила Нарбаева волонтёрлик фаолияти ҳақида гапириб, «бу борада яхши, ўзига хос тажриба шаклланмоқда, албатта, ижобий тенденция бор», дея «Яшил макон», Сардоба фожиаси, пандемия, Туркиядаги зилзиладан жабрланганларга ёрдам каби ишларни эслаб ўтган.