Хитойнинг шимолий қисмидаги Ички Мўғулистон ҳудудида 13 августга келиб аниқланган бубонли ўлатга чалиниш ҳолатлари сони 3 тага етди.

Reuters хабарига кўра, дастлабки ҳолат 7 августда қайд этилган бўлиб, орадан бир ҳафта ўтгач, бемор аёлнинг турмуш ўртоғи ва қизи ҳам касалликка чалинган. Баёнотга кўра, улар билан яқин алоқада бўлганларнинг барчаси карантинга олинган.

Ўлат қанчалик хавфли?

Ўлат — табиий ўчоқли зооноз касалликлар гуруҳига мансуб инфекция бўлиб, ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Бутун инсоният тарихида юз берган учта ўлат пандемияси юзлаб миллион одамлар ҳаётига зомин бўлган. Ўлат одатда табиий ўчоқдаги касаллик микробини юқтириб олган кемирувчилар орасида тарқалади. Касал кемирувчидан касаллик микробини соғлом кемирувчига бургалар ва каналар чақиши орқали юқади. Касалликнинг ёввойи ҳайвонлар орасида кенг тарқалиши эпизоотия деб аталади. Эпизоотия кечаётган худудларда мунтазам яшайдиган маҳаллий аҳоли ёки мавсумий ишлайдиган одамларга касаллик бурга ва каналар чақиши орқали юқади.

Бунда асосан ўлатнинг бубонли шакли (бубон — ўлат микроби зарарлаган ва шишган лимфа тугуни) кузатилади. Бубон шаклидаги ўлат ҳозирда 95−98 фоизни ташкил қилади. Касаллик вақтида аниқланиб замонавий даволаш чоралари ўз вақтида ўтказилганда деярли барча ҳолларда касалланганлар тузалиб кетади.

Агар ўлат микроби ҳаво орқали юқса ўпка шакли, оғиздан юқса, ошқозон-ичак шаклида кечади. Шаклидан қатъи назар, вақтида даволанмаган беморларда микробнинг қонда кўпайиши орқали сепсис шаклида оғир кечиб, ўлимга сабаб бўлади.

Касаллик оғир интоксикация синдроми, иситма, терининг, лимфа тугунларининг, ўпканинг шикастланиши, септик ҳолат билан тавсифланади.

Ўзбекистонда бу касаллик билан боғлиқ вазият қандай?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда мавжуд табиий ўчоқларда эпиоотияларни вақтида аниқлаб, уларнинг эпидемияга айланиб кетмаслигини олдини олиш билан мунтазам тизимли равишда шуғулланадиган ўлатга қарши тизим муассасалари мавжуд. Улар ўчоқлар фаоллашган пайтларда керакли профилактик тадбирлар олиб борилади.

Касаллик ҳаво ва қуруқликдаги йўллар орқали кириб келишининг олдини олиш мақсадида 50 дан ортиқ чегара кесиб ўтиш жойларида кечаю-кундуз фаолиятдаги санитария-карантин пунктлари ташкил этилган.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, бизда ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, — дейилади қўмита хабарида.