Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 20-мактабнинг ўқитувчилари таъмирлаш ишларига жалб этилгани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирди.

Telegram`даги Eltuz каналида мактаб директори ўқитувчиларга 2022 йилда маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиб таъмирланган мактабни қайта таъмирлатаётгани, ким бу ишларга қатнашмаса, дарс олишни хаёлига келтирмаслиги ҳақида хабар жойланган.

Вазирликнинг вилоят бошқармаси директор ўқитувчи ва ишчи ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилганини тасдиқлади.

️Шу сабабли унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 2-қисмига асосан БҲМнинг 100 баробари, яъни 33 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланди.

Маълумот учун, 27 март куни президент ўқитувчиларни меҳнатга мажбурлаганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни белгиловчи ва меҳнатга ноқонуний аралашганлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолаганди.