Ўзбекистонда хориждан олиб келинадиган автомобилларни фақат уларнинг расмий дилерлари сота олиши бўйича талаб бекор қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Унга кўра, 14 август куни ҳукумат томонидан «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тизими соддалаштирилгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Қарорга кўра: янги импорт автомобиллар фақат юридик шахслар — ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан сотилиши бекор қилинади.

Электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш амалиёти тугатилади.

Тадбиркорнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда, кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда эълон бериш талаби бекор қилинади.

Солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 26 августида Ўзбекистон ҳукумати хориждан импорт қилинадиган автомобилларни сертификациялаштириш жараёнини осонлаштириш юзасидан иш олиб бораётгани бўйича хабар берилганди. Ушбу масала 17 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ҳафталигида муҳокама қилинганди.