Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, дея хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.

Хусусан, Тошкентнинг Олмазор туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс муқаддам наркокуръерлар томонидан Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги хуфиёна жойга қолдириб кетилган 3 кг 906 гр «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у ушбу гиёҳвандлик воситасини Олмазор туманида истиқомат қилувчи, 1998 йилда туғилган аёлнинг кўрсатмасига асосан олганини маълум қилди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур аёл томонидан ижарага олинган хонадон кўздан кечирилди. Натижада ушбу манзилда наркотик моддаларни кичик бўлакларга бўлиб, интернет орқали сотувга чиқариш учун шароит яратилгани аниқланди.

Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга — аёлнинг 1995 йилда туғилган опаси ҳам алоқадорлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.

Бошқа ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи, 1987 ва 1988 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро муқаддам наркокуръерлар томонидан Тошкент тумани ҳудудидаги хуфиёна жойга яшириб кетилган 927 гр «Метамфетамин» синтетик гиёҳвандлик воситасини олган вақтларида ушланди.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 1999 ва 2002 йилларда Қарши шаҳрида туғилган, Олмазор туманида ижарада яшовчи икки нафар фуқаро учинчи шахслар томонидан яшириб кетилган 857 гр «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситасини олган вақтларида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда